Хитойда чўчқа гриппининг янги штамми аниқланди
Хитойлик мутахассислар инсон учун хавфли ва янги пандемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган чўчқа гриппининг янги штаммини аниқлади. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.
Янги штаммга G4 EA H1N1 номи берилди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, янги вирус парранда гриппи ва чўчқа гриппининг генетик аралашмасидан ташкил топган. Мутахассислар янги G4 вируси асосан жониворларда учрашига қарамасдан, инсон ҳужайралари билан алоқага кириша олишини ва инсон нафас йўлларида фаол кўпайишга қодир эканлигини алоҳида таъкидлашди. Бундан ташқари, гриппга қарши мавжуд вакциналар янги вирусга қарши иммунитет вужудга келтира олмайди.
Олиб борилган тадқиқотларга кўра, Хитойдаги чўчқа фермаларининг 10 фоиз ишчи-ходимлари қонида G4 га қарши анти таначалар аниқланган.
“Тақдим этилган маълумотларга кўра, чўчқа гриппининг янги вируси инсонларда пайдо бўлиши мумкин, деган хулосага келиш мумкин”, дея таъкидлади Сидней университети биологи Эдвард Холмс.