Хосаликлар нега берилмаган табиий газ учун пул тўлади?
Пайариқлик 70 ёшли отахон Раҳматилло Қоржовов таҳририятимизга мурожаат қилиб, ўзи яшаётган Хоса қишлоғи аҳолиси табиий газ учун пул тўлаб қўйган бўлса-да, газ келмаётганлигини ёзган.
Жорий йилнинг 11 январь куни Zarnews.uz сайтида Р.Қоржововнинг табиий газ йўқлиги сабабли уйларни иситишда муаммолар пайдо бўлаётгани тўғрисидаги мурожаати эълон қилинганди. «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали бунга жавобан Хоса қишлоғи табиий газ тармоқларидан узоқда жойлашганлиги, газ етказиб беришнинг техник имконияти йўқлиги сабабли 2014 йилда суюлтирилган газга мослаштирилганлиги, аҳолининг юқори ташкилотларга кетма-кет мурожаатларидан сўнг, 40 та хонадон 2019 йилда қўшни қишлоқдаги газ тақсимлаш шохобчасидан табиий газга уланганлиги ҳақида маълум қилганди.
Бироқ Р.Қоржовов қайта йўллаган мурожаатида соҳа мутасаддиларининг жавобидан қониқмаганини таъкидлаб, қишлоқ аҳолисидан табиий газ учун пул териб олиниб, газ берилмаётганига сабаб нимада эканлиги билан қизиқмоқда. Мазкур мурожаат юзасидан Хоса қишлоғига бориб вазиятни ўргандик.
- 2019 йилда қишлоғимиздаги 40 га яқин хонадон газ ҳисоблагич ўрнатилиб, табиий газ тармоғига уланган эди, - дейди Р.Қоржовов. – Бироқ 2020 йилнинг бошидан газ босими пасая бошлади. Ноябрь ойининг охирига келиб умуман келмай қўйди. Туман газ идорасига бир неча бор мурожаат қилдик. Идора ходимлари ноябрь ойининг бошида келиб хонадонма-хонадон юриб 1000 метр/куб табиий газ учун 380 минг сўмдан йиғиб кетишди. Бироз вақт газ ёниб турди. Кўп ўтмасдан яна пасайди. Маълум бўлишича, айрим хонадонларда газ сўрғич қўйилган экан. Лекин бу газ йўқлигига сабаб бўлолмайди-ку.
Отахон бизга табиий газ учун тўлаган 49 минг 619 сўмлик квитанциясини кўрсатар экан, шу йил 18 февралда яна 50 минг сўм тўлов қилиб келганини айтди.
- Аммо, мана қаранг, барибир қувурлардан газ келмаяпти. Табиий газга ишониб ўтин ва кўмир ғамламаган эдик. Биз катталар-ку майли, болалар ва невараларимиз ҳам совуқдан азоб чекмоқда, - дейди у.
“Payariqtumangaz” бўлими мутасаддилари Хоса қишлоғида табиий газга уланган 40 та хонадон ҳам 2021 йил 17 январь куни суюлтирилган газ билан таъминланганлигини айтишди.
- Газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида табиий газ босимининг пасайишига аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилган газ сўрғичлари ҳам сабаб бўлмоқда, - дейди «Payariqtumangaz» бўлими бош муҳандиси Нурбек Умрзоқов. – Бир неча бор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда рейд-текширувлари ўтказилди. Истеъмолчининг хонадони газ тармоғининг сўнгги нуқтасида жойлашганлиги учун ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида табиий газ таъминотида узилишлар бўлган. Шу сабабли Р.Қоржовов ҳам суюлтирилган газ баллон билан таъминланган. Ходимларимиз мурожаатчининг хонадонида бўлиб, газ ускуналари ва ҳисоблагичларни техник кўрикдан ўтказишди. Айни кунларда унинг хонадонида табиий газ меъёридан паст бўлса-да ёниб турибди.
Бироқ Р.Қоржовов ўтган йилнинг ноябрь ойидаги туман газ ходимлари томонидан 1000 метр/куб газ истеъмоли учун пул терилгани, аммо газнинг ҳиди ҳам йўқлиги, айрим хонадонлардаги газ сўрғичлар туфайли хонадонларга табиий газ етиб бормаётганлигини таъкидлади.
Туман газ идораси вакиллари билан айрим хонадонларга кириб кўрдик.
- Ўтган йил ноябрь ойида табиий газ учун 200 минг сўм пул тўлаганман, лекин газ йўқ, - дейди Қодиржон Сатторов. - Совуқ кунлари ҳовлимдаги мевали дарахтларни ўтин қилиб, кўмир сотиб олиб жон сақладик. Пулни олиб кетгандан сўнг бирор киши келиб, газинг борми деб хабар ҳам олмади. Аҳвол шундай бўлишини билганимизда газга ишонмай ўтин ва кўмирни ғамлаб қўйган бўлармидик?
Р.Қоржововнинг қўшниси М.Кубаевнинг хонадонида ҳам шу аҳвол: табиий газ йўқлигидан ўтин ёқиб уйини иситмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: нима учун газчилар хосаликларни ишонтириб, йўқ газга пул териб кетишди? Эски ҳисоблагичларни замонавий онлайн ҳисоблагичларга алмаштирмасдан туриб олдиндан тўловларни амалга оширишларини талаб қилиш қанчалик тўғри? Табиий газ етказиб беролмаган экан, энди аҳоли билан қандай ҳисоб-китоб қилинади?
Мурожаатчилар мутасаддилардан бу саволларга жавоб кутмоқда.
Дилмурод Тўхтаев.