Янги ўқув йили: Самарқандда 73 мингга яқин бола 1-синфга қабул қилинди
Вилоятимизда айни пайтда 1220 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. 49 790 нафар ўқитувчилар илмий-педагогик фаолият билан банд. Ўқитувчиларимизнинг 40 703 нафари олий маълумотли бўлса-да, мактабларда 8650 нафар ўрта махсус маълумотли педагоглар меҳнатидан фойдаланилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, энг кўп ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар Нуробод, Каттақўрғон, Нарпай, Пайариқ, Жомбой, Булунғур туманлари ҳамда Катта¬қўрғон шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бормоқда.
Умуман, вилоят бўйича айни пайтда 508 нафар ўқитувчиларга эҳтиёж мавжуд. Шу боис, жорий йилда Ўзбекистон Миллий университети, Жиззах давлат педагогика институти, Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 220 нафар битирувчилари, 239 нафар академик лицей ва коллежлардан бўшаган ўқитувчилар ишга олинмоқда.
Шунингдек, 49 нафар пенсиядаги ўқитувчилар ва вилоятдаги педагогика йўналиши битирувчиларини таълим-тарбия ишларига жалб қилиш режалаштирилган.
Мустақиллик йилларида педагог ходимларимизнинг олий ўқув юртларининг 380 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган. Биргина 2016-2018 йилларда 18 нафар устозлар давлат мукофотига лойиқ кўрилгани ўқитувчи-мураббийлар меҳнатининг юксак қадрланаётганидан далолатдир.
Вилоятимиздаги мактаб биноларининг 70 фоизи 1991 йилдан кейин қурилган. Ўтган давр мобайнида эски биноси пахса ҳамда хом ғиштдан бўлган 244 та мактаб учун янги бино бунёд этилган.
Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда 28 та таълим муассасалари, жумладан, 2 та меҳрибонлик уйи, 9 та махсус мактаб-интернат, 17 та "Баркамол авлод" болалар маркази фаолият кўрсатмоқда.
Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида 8 та, Каттақўрғон шаҳри ва Иштихон, Пайариқ туманларида 1 тадан нодавлат мактаблар ташкил этилган.
Бироқ 1220 та мактабларнинг умумий қуввати 525 096 ўринни ташкил этса-да, ҳақиқатда ўқувчилар сони 726 125 нафарни ташкил қилмоқда. Бу эса бино қувватига нисбатан ўртача 1,4 коэффициентни ташкил этади, дегани. Таҳлилларга кўра, 107 мактаб 2-3,2, 328 та мактаб 1,5-2 коэффициентда ишлаши зарур бўлмоқда.
Табиий савол туғилади: коэффициентни мақбуллаштириш учун қандай чоралар кўрилди?
Биринчи навбатда вилоятдаги 54 та касб-ҳунар коллежи туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари тасарруфига ўтказилди.
Бундан ташқари, мактаблардаги ёрдамчи хоналарни ҳам дарс ўтадиган синфларга айлантириш ҳисобидан муаммо бартараф этилмоқда.
Умуман, жорий йилда умумий ўрта таълим мактабларини жорий таъмирлашга жами 24,4 миллиард сўм, (маҳаллий бюджетдан 20,4 миллиард сўм, ҳомийлардан 2,5 миллиард сўм ва бюджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан 1,5 миллиард сўм) маблағ йўналтирилди.
Жорий йил инвестиция дастурига асосан вилоятимиздаги 49 та мактабда 95,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 1 та янги қурилиш, 34 та реконструкция ва 14 та мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, "Обод қишлоқ" дастури доирасида 24 та, "Обод маҳалла" дастури доирасида 3 та мактабда жами 47,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 та янги қурилиш, 11 та реконструкция ва 15 та мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бошланаётган 2019-2020-ўқув йилида 73 мингга яқин бола 1-синфга қабул қилинди. Уларга "Президент совға"лари тарқатилди.
Улуғбек Мамарасулов,
вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари.