Янги турдаги коронавирус инсон организмига 2012 йилда мослашган бўлиши мумкин

Бу ҳақда The Sun агентлиги АҚШлик мутахассислар, вирусолог Жонатан Латэм ва биолог Эллисон Уилсонлар тақдим этган маълумотларга таяниб хабар берди.

Тадқиқотчилар, 2012 йилда Хитойнинг Юньнань провинциясида икки ҳафта давомида кўршапалак қолдиқларидан тоғ конини тозалаб касалланган кончиларни даволаган шифокор қайдномаларини аниқладилар. Беморларда COVID-19 инфекцияси оқибатида юзага келадиган хасталик аломатлари кузатилган: пневмония, қуруқ йўтал, бўғинлардаги оғриқлар ва юқори тана ҳарорати. Беморларни ЎСВ ускунасига улашга мажбур бўлишган ва охир оқибат олти нафар кончидан уч нафари вафот этган.

Кончилар таҳлил намуналари Ухандаги лабораторияга юборилди, лабораторияда улар атипик пневмонияга ўхшаш коронавирус инфекцияси билан касаллангани аниқланди. Тадқиқодчиларнинг фикрига кўра,  юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, COVID-19 инсон организмига олдиндан мослашган дейилишига асос бор.

Россия Фанлар Академияси академиги, Сеченов университетининг микробиология, вирусология ва иммунология кафедраси мудири Виталий Зверев илгари сурилган янги фараз юзасидан РБК агентлигига ўз фикрини билдирди. 

“Ухан  - бу коронавирус биринчи марта аниқланган жой, бироқ бу факт у айнан ўша ерда пайдо бўлганини ва инсонлар орасига кирганини англатмайди. Инглизлар ҳам уларда шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилганини таъкидлаган эдилар”, - деди у. Унинг сўзларига кўра, хитойлик кончилар айнан янги турдаги коронавирус инфекцияси билан касалланганларини  аниқлашнинг ягона йўли, бу вирусни ўша вақтда аниқланиши ва тавсифланиши бўлар эди.