Японлар нафақат замонавий, балки анаънавий билимларни ривожлантиргани учун ҳам тараққиётга эришган

- Япония мўъжизалари ҳақида кўп ўқиганмиз, эшитганмиз, - дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ветеринария жарроҳлиги ва акушерлик факультети ассистенти Жасур Юлчиев. - Буни ўз кўзим билан кўриб келдим. Дунёнинг тараққий этган ўнлаб давлатларида бўлганман. Аммо улар орасида Япония алоҳида ажралиб туради. Биласиз, ветеринария бугун дунёда долзарб соҳа сифатида эътироф этилади. Негаки, у озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ўрганади. Инсоният тақдири бугун шу йўналиш билан бевосита боғлиқ.

Дунёнинг турли бурчакларида ҳар хил инфекцияли касалликлар қайд этилаётган бир пайтда, Японияда бир нарса эътиборингизни жалб этади. Улар касаллик билан курашишдан кўра, унинг профилактикаси, яъни олдини олиш давлат учун арзонроққа тушишини яхши англашади. Японияда ҳайвонлар орасида деярли касалликлар йўқ. Япон халқи жуда меҳнаткаш, тиришқоқ. Ҳайвонларга муносабати ҳам таҳсинга лойиқ. Улар вақтнинг қадрига етишда немислардан ҳам ўтиб кетган десам, муболаға қилмайман.

Ж.Юлчиев жорий йилнинг 20-29 январь кунлари Японияда бўлиб ўтган “Sakura scientific exchange plan program” лойиҳаси доирасидаги семинар-тренинг машғулотларида иштирок этди. Токиодаги Азабу университетида Клиник ветеринария соҳаси бўйича ташкил этилган ўқув курсларида Осиё, Европа ва АҚШнинг замонавий ветеринария хизматлари, илғор инновацион  технологиялар бўйича ўқитилди.

- 10 кун давомида дастур бўйича барча ишларга улгурдик, - дейди Ж.Юлчиев. - Азабу университети ректори ва талабалари билан учрашдик. Машҳур “Ҳаёт” музейи, Аквариум ва Шистосомоз тарихий музейи, JICA (Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги) ташкилотида бўлдик. Ветеринария соҳаси бўйича япон анъанавий даволаш усуллари билан яқиндан танишиб, қорамоллар ва бошқа уй ҳайвонлари парвариши ва даволаш усуллари ҳақида янги, ноанъанавий билимларни ўзлаштирдик.

Японияда диагностика соҳасида ҳам энг замонавий усуллар қўлланилар экан. Ҳайвонлардаги касалликларни эрта ташҳислаш бўйича анча илгарилаб кетишган. Лабораториялар ва у ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар шундан дарак беради. Қолаверса, “Vaxxinova” биопрепаратлар ва вакцина ишлаб чиқариш компанияси вакили билан суҳбат давомида бунга амин бўлдик.

Японияни фақат электроника соҳаси бўйича етакчи деб биларканмиз. Улар бу технологияларга анъанавий билимларни ривожлантириш орқали эришган, деган хулоса қилиш мумкин.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.