Ярашганлар жазоланмайди

"Ярашганлик муносабати билан жазодан озод қилиш амалиёти 2001 йилда Жиноят кодексига 66-1-модда сифатида киритилган эди. Бу институт амалиётда ўзини оқлади ва бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ярашганлик институти жорий қилиниши туфайли жуда кўп фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинди ва озод қилинмоқда. Шу билан бирга, айрим фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқаряптилар.

Бу гап Самарқанд вилояти суди судьялари, жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар судьялари иштирокида ўтказилган навбатдаги семинар-машғулотида айтилди.

Суд статистикаси маълумотлари ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижаларига кўра, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Мазкур институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, республикада судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.

Семинарда вилоят судининг судьяси Жамшид Ботиров мазкур янгиликни батафсил шарҳлаб, тушунтириб берди.

– “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун 2021 йил 4 октябрь куни Президент томонидан имзоланди, – деди Ж.Ботиров. – Мазкур қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 21-2-модда билан тўлдирилди. Бу модда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш деб номланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қайд этилган жами 12 та модда ярашув институтига тушиши қайд этилди.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш) ва шунга ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.