Йогалар. Улар ҳақиқатан ўлиб тирила олишадими?

Муаллақ ҳавода туриш, кўринмас ҳолатга ўтиш, овқат ва сувсиз яшаш, «ўлиб-тирилиш»… Бу каби ғайрибатиий ҳолатларни кўрсатиб келадиган Йогалар ҳақидаги маълумотлар олдидан қуйидаги воқеани эслаб ўтамиз:  1837 йилда содир бўлган. Панжобдаги қудратли бир махарожанинг саройига саёҳатчи йог кириб келади ва ўзини тириклайин кўмишларини таклиф қилади. У тобутга ўхшатиб ясалган қутида 40 кун қимирламасдан ётади, кейин ҳеч нарса бўлмагандай ўрнидан туради. Ушбу воқеа тасвирланган китоблар Вена, Лондон ва Нью-Йорк шаҳарларида чоп этилади. Ғаройиб ҳодисага бенгалиялик жарроҳ изоҳ топади. Унинг фикрича, йоглар юрак уришини тўхтата олишмайди. Улар буни нафасни бошқариш орқали амалга оширишади – кислородни тежаб ҳаётий жараёнларни секинлатадилар. Бу айрим жониворларнинг қувватни сақлаш мақсадида уйқуга кетишига ўхшайди. Бироқ йоглар буни қандай уддалашади? Ишониш қийин.

Йога – аслида Ҳиндистон маданий меросининг энг қадимий кўринишларидан бири. У эрамизгача бўлган 4-2 чи асрларда пайдо бўлган. Йога ҳақида қадимги ведалар – ҳиндларнинг аждодлари қолдирган илоҳий ёзувларда эслатмалар учрайди. Йога усталари ҳақида ҳақиқат ва афсоналар бисёр. Улар ўз таналарини шу даражада бошқара олишадики, 19-чи асрда европаликлар йоглар ҳатто юрак уришини тўхтатиб, сўнг яна нафас ола бошлашларига ишонишган.

2010 йилда америкалик ва британиялик шифокорлар 1940 йилдан буён бир қултум сув ичмасдан, таом татимасдан яшаётган гужаротлик йог Прахлад Жанини синчиклаб ўрганишади. Жанини ҳожатхонасиз, видеокамералар ўрнатилган махсус хонага жойлаштиришади. Куну тун кузатишади. Икки ҳафта давомида таҳлиллар олиб, рентген қилишади. Якунда шифокорлар ҳайрон бош чайқайди – йог сув ҳам ичмасдан, овқат ҳам емасдан яшаётгани тасдиқланган эди. АҚШ диетологлари уюшмаси бундай хулоса билан келиша олмасликларини билдирди, инсон овқатсиз бир ой яшаши мумкин, аммо 14 кун сувсиз яшаш жисмонан имконсиз, буйраклар қурий бошлайди. Аммо Прахлад Жани 91 йил умр кўрган.

Бундай ҳодисалар европаликларга мўъжизадек кўринса, ҳиндистонликлар учун оддий нарса. Зоҳид-чолларнинг мисли кўрилмаган қобилиятлари ҳақида сўрашганда, улар елка қисиб қўйишади. «Бунинг нимаси ғайриоддий, улар бу учун бир умр ўрганиб, машқ қилган», дейишади.

Йоганинг ватани деб ҳисобланадиган Ришикеш шаҳрида турли мўъжизалар кўрсатиши билан машҳур маҳаллий сиддхалар баъзан омма олдида чиқишлар қилади. Одатда улар нафасни тўхтатиб қўйиш, нигоҳлар ёрдамида буюмларни жойидан силжитиш, михлар қоқилган тўшакда ухлаш, олов устида юриш, тана ҳароратини тушириш ва кўтариш каби машқларни кўрсатишади. Бунга гувоҳ бўлган хорижлик сайёҳлардан бири, йог 15 дақиқага томир уришини тўхтатиб, худди ўликдек ётгани, сўнг шунчаки ўрнидан туриб кетганини айтади.

– Ҳатто энди ўрганаётган йог ҳам мих устида ухлаб, аланга устидан юриб ўта олади, – дейди ришикешлик мутахассис Кришна Нарайан. – Медитация ёрдамида оғриқ ҳислари ва тананинг сезувчанлигини тўхтатиб қўйиш, қон айланишини бошқаришни йоглар машғулотларнинг дастлабки йилларида ўрганишади. Бу билан Ҳиндистонда ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди. Олий сиддхаларни эса авлиё деб билишади, чунки улар замонавий олам тасаввурига сиғмайдиган ишларни қила оладилар. Масалан, тириклайин кўмилган ҳолда 3 ой еростида ётишига нима дейсиз?

Тириклайин кўмилганда йог нафас каналини ёпиш учун тил остидаги бурмачани кесиб ташлайди ва унинг бурнини мум билан ёпиб, сўнг ерга кўмишар экан. Албатта, бу техникани кекса йоглардан саноқлигина киши бажара олади. Йогнинг ёши қанча катта бўлса, у шунча тажрибали бўлади. 1990 йилда ҳинд олимлари эндигина оламдан ўтган сиддха Деврах Бабадан ДНК таҳлили олиша — унинг ёши нақ 250 ёш бўлиб чиқади.

Йоглар узоқ умр кўришади, бу факт. Масалан, дунёдаги энг кекса кишилардан бири, Калькуттада яшовчи йога устози Свами Шивананда яқинда 127 ёшини нишонлади. Йог фақат қайнатилган таомларни истеъмол қилади, туз ва зираворларни умуман емайди ва ҳеч қачон уйланмаган. Шивананда сут ва меваларни зарарли овқат деб ҳисоблайди, оч қоринга ухлашни маслаҳат беради. У электрдан, мобиль телефондан фойдаланмайди, ҳар тонгни икки соатлик хатха-йога машқлари билан бошлайди.

Ҳинд йоглари ҳақидаги ҳикояларда етакчилик қилаётган асосий нарса – бу лагхима, яъни ҳавода ҳаракатланиш қобилияти. Йоглар, нилуфар гули усулида, ўзбекчасига айтганда, чордана қуриб ўтирган ҳолда кескин юқорига кўтариладилар ва  ердан тахминан 10 сантиметр муаллақ тура олишади. Левитация санъатини эгаллаш учун йогларга 20 йилча вақт керак бўлар экан.

Левитация бўйича мутахассис йог Суббайях Пуллавар 150 нафар гувоҳнинг кўз ўнгида 4 дақиқа давомида ҳавода муаллақ турган. Бу вақтда қария транс ҳолатида бўлган. Тажриба тугагач, шифокорлар Пуллаварнинг тана ҳароратини ўлчашади, у 25 градусга тушиб кетган, мушаклари темирдек қаттиқ эди.

Ҳиндистондаги йоглар ҳақида сўз кетганда, кўринмас одам ҳақидаги афсоналар ҳам ҳақиқатдек туюлади. Мамлакатда машҳур уч нафар сиддха диққатни жамлаш орқали атрофдагилар кўзига кўринмас бўлишни уддалаган. Ҳиндистон жанубида қўллари билан автомобилни кўтарувчи, кўкрагида филни кўтариб тура оладиган, бир неча соат тўхтамасдан югурадиган қариялар яшайди. Бундай санъатни эгаллашга қизиқиш шу қадар кучлики, йоглар ўнлаб йиллар давомида кунига 16 соатдан машқ қилишга тайёр. Қизиқ, у ҳолда улар қачон одамга ўхшаб яшайдилар?

Ришикеш шаҳридаги йогларнинг кўпчилиги ғорларда яшайди, уларнинг фикрича, цивилизация чалғитади, холос, табиат билан бирлик инсонга ўз қувватини бошқаришда ёрдам беради. Ҳиндистондан ташқарида, хорижда ҳинд йогларига доим танқид, ишончсизлик билан қарашган. Шунга қарамасдан, ҳинд йогларининг ўз танасини назорат қила олиши, нафас, юрак уриши ва асаб тизимини бошқаришни билиши расман тасдиқланган. Саноқсиз тажрибалар ҳар доим олимларнинг шундай сўзлари билан якунланади – бу жисмонан имконсиз, аммо биз улар буни қандай қилаётганини билмаймиз! Албатта, 21-чи асрда кўпчилик ҳинд сиддхаларини кўзбўямачи ва ёлғончи деб ҳисоблашади, бироқ бу фактни ҳам исботлаб беролганлари йўқ. Ҳинд шаҳарларида металлдан махсус ўтирғич ясаб олиб, гўё ҳавода муаллақ тургандек ўтирадиган фирибгарлар кўп, аммо уларга кўпам аҳамият беришмайди.

Дунёда ҳинд йогаси маълум ва машҳур, тибет йогаси ҳақида эса озчилик хабардор. Чунки тибетлик роҳиблар буни узоқ вақт сир тутган. Тибет йога фалсафаси борлиқни чек-чегарасиз ҳис қилиш, чуқур медитация, моддийликнинг аҳамиятсизлигини тан олиш, ҳамдардлик, бутун тирик жонга бўлган раҳм-шафқатга йўналтирилган. Ҳинд йогаси билан таниш киши тибетлик роҳибларнинг машғулотларидан ажабланиши тайин. Чунки роҳиблар барча машқларни бир жойда ўтирган ҳолда бажаришади. Жисмоний ҳаракатлар бўлганда ҳам жуда оз. Амалиётда ҳиндлар ва тибетликларнинг йогаси бир-бирига ўхшамайди.

Тибет роҳиблари йога техникаси ёрдамида тушларини бошқара олишади. Аммо бу амалиёт жуда кўп афсоналарга сабаб бўлганки, уларга ишониш қийин. Лекин туш йогасини ҳар бир киши машқ қилиб кўриши мумкин. Баъзан ички аъзолари ва жисмоний ҳолатини бошқара оладиган кимсалар учраб туради. Масалан, ўзини «ғарб сўфийси» деб атайдиган Жек Шварц билакларига металл бўлагини тиқиб, сўнг ҳеч қандай оғриқсиз, бир томчи қонсиз чиқариб олади. Текширишлар темир кирган жойда кичик бир из қолгани ва у тез кунда тузалиб кетганини кўрсатди. 

Нима бўлганда ҳам, йоглар кишиларни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда ва йогага бўлган қизиқиш кундан-кун ортиб бормоқда. Бугун дунё бўйича 300 миллиондан зиёд киши йога билан шуғулланар экан. Ҳатто 21 июнь куни халқаро йога куни сифатида нишонланади. Шу йили, янги йилнинг биринчи куни Гужорат штатининг 108 жойида бир вақтнинг ўзида тўрт минг нафар йог «Сурья-намаскар», яъни Қуёшни кутиб олиш машқини бажариб, жаҳон рекордини ўрнатишди. 

Мухлиса Рустамова.