Йўл ҳаракатининг янги қоидалари кучга кирди

10 майдан машина чироқларини доимо ёқиб юриш каби йўл ҳаракатининг янги қоидалари кучга кирди, деб ёзмоқда minbar.uz.

Масала тарихи: Йўл-транспорт ҳодисаларининг (ЙТҲ) сонини камайтириш учун янгидан-янги қоидалар қабул қилинмоқда. Ҳукуматнинг 9 апрелдаги қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритилган. Хусусан, улардан энг муҳимлари:

  • аҳоли пунктларида иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракатли йўлларда тўхташга рухсат этилди;
  • айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт айланага кириб келаётган транспортларга нисбатан устунликка эга;
  • куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспортлар яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт деб белгилангани бўлди.

Бундан ташқари 28 та янги йўл белгилари амалиётга киритилди.

Бу қарор эълон қилинган сана, яъни 10 апрелдан кучга кириши керак эди. Аҳолининг барвақт огоҳлантирилмаганлиги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлганидан кейин, янги қоидалар бўйича жарималар бир ойдан кейин, 10 майдан кучга кириши айтилганди.

Кундуз куни автомобиллар чироқларини ёқиб ҳаракатланиши нега муҳим?

Умуман олганда, ушбу қоидани йўл ҳаракати соҳаси мутахассислари ижобий баҳолашади. Ўнлаб ривожланган мамлакатларда транспортлар учун шундай талаблар жорий этилган. Статистик маълумотларга қараганда, яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш йўл-транспорт ҳодисалари сонини 10-15 фоиз камайтиради.

Транспортларнинг чироғини ёқиб ҳаракатланиши, айниқса, пиёдалар иштирокидаги аварияларни камайтиради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, улар кўз қири билан айнан чироқлари ёниқ ҳолда келаётган машинани олдинроқ пайқар экан.

Бунинг фойдасини илк бор бундан 20 йилча олдин Скандинавияда пайқаб қолишган. У ерларда тез-тез туман тушиши ҳайдовчиларни шунга мажбур қилган. Шундан сўнг йўлларда авариялар сони кескин камайган.

Бугунги кунда 20 дан зиёд мамлакатда автомобиллар учун йил бўйи кундузи чироқларни ёқиб юриш қоидаси жорий этилган. Масалан, Эстонияда ушбу қоидани бузган ҳайдовчиларга 200 еврогача жарима солинади, бу жазо Латвиядагидан деярли 30 баробар оғирдир (у ерда чироғини ёқмай юрганларга 7 евро жарима белгиланган).

Кундузи яқинни ёритувчи чироқни ёқиб юриш қоидаси Беларусь ва Украинада ҳам жорий қилинган. Россияда чироқни ёқмай юрганлик учун 500 рубл жарима солинади.

Лекин чироқларни доимо ёқиб юриш машинага жиддий зарар келтирмайдими ёки кўп бензин емайдими?

Мутахассисларнинг фикрича, чироқларни ёқиб юриш машинага зарар етказса ҳам, бу асосан ёритиш жиҳозларининг истеъмол муддатига озгина таъсир қилиши ва аккумуляторга қўшимча талаб тушиши билан боғлиқ.

Ушбу қоида жорий этилишига қаршилар эса куйиб қолган чироқларни одатдагидан тезроқ алмаштиришга тўғри келишидан ҳам кўра ёнилғи кўпроқ сарф бўлишидан хавфсирайди. Аслида бензин истеъмолида фарқ бўлса ҳам, бу фарқ катта эмас – соатига 100 миллилитргина бензин ортиқча кетади.

Бу икки муаммо ҳам ЙТҲга тушиб, ортиқча харажат ва бировнинг умрига зомин бўлишнинг олдида ҳеч гап эмас.