Ёш драматургларни қўллаш керак!

Каттақўрғон драма театрида ёш драматург Сардор Ҳамроевнинг "Қайтиш" асари асосида шу номдаги спектакль саҳналаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Театр режиссёри М.Мамадалиева томонидан саҳналаштирилган асарда ёт ғояларга берилган, Президент афви туфайли уйига қайтган, тавба қилган, бироқ ҳамқишлоқларининг муносабатидан кейин аросатда қолган, яхши одамлар ёрдамида ўз хатосини чуқур англаб етган йигит тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Спектакль муҳокамасида санъатшунослик фанлари доктори Омонулла Ризаев, театр фахрийси Абуазиз Ҳошимов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Бадриддин Насриев, журналистлар Фармон Тошев, Зоҳир Тўрақулов асар сюжети, актёрлар маҳорати хусусида сўз юритди.

Ижодий жамоага премьерага қадар камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. Шу билан бирга ёш драматург ва режиссёрларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Ботир ТУГАЛОВ.