Ёш ҳунарманд кунига 2-3 миллион сўм топяпти, пенсиядаги отахон томорқанинг орқасидан тўрт рўзғорни обод қиляпти
Тойлоқ туманининг Тепақишлоқ маҳалласига қилган сафаримиз чоғида шуларга гувоҳ бўлдик.
Хорижда чекилган азоблар...
Маҳалла ёшларидан бири Фаррух Очилов аввал мактабни, кейин эса касб-ҳунар коллежини тамомлади. Олий ўқув юртига кира олмагач, хорижда, ҳали у давлатда, ҳали бу давлатда қора меҳнат қилди.
- Россияда ишлаган пайтимда ойига 400 доллар топардим, - дейди у. – Еб-ичиш, ижара ҳақи, патент ва бошқа ҳужжатлар харажатидан орттириб зўрға 150-200 доллар атрофида уйга жўнатардим. Якшанба куниям ишлардик. Кечаю кундуз тинимсиз меҳнат қилган кунларим бўлган. Шунда ҳам кўпи билан 300 доллар орттира олардим, холос. Баъзи пайтда бир тийин ҳам тополмаганман. Оиладан олисда, пулсиз қолиб кетишни тасаввур қилиш қийин.
“Ойига 1000-1200 доллар топяпман...”
Фаррух хориждан қайтиб, томорқасида малина етиштира бошлади. Шунингдек, пайвандчиликни ўрганди. Малина ҳосилидан ва у ер-бу ерда ишлаб топилган маблағ эвазига кичик пайвандлаш устахонасини ташкил қилди.
- Ҳозир бу ерда мўмай даромад топяпман, - дейди Фаррух. – Тўғрисини айтсам, бир кунда 2,5-3 миллион сўмгача фойда олган пайтларим бўлди. Баъзан кўпроқ, баъзан камроқ, ўртача ҳисобда ойига 1000-1200 доллар топишга ҳаракат қиляпман. Албатта, бунинг учун ишлаш керак. Ишлаш, деганда жон куйдириб, тинимсиз меҳнат қилишни назарда тутмаяпман. Ҳафтада бир кун дам оламан. Қолган кунлари соат 9 дан 18 гача ишлайман. Тонгда ва кеч пайтлари томорқада ҳам меҳнат қиламан. Дастлаб томорқага икки қаторгина малина эккан бўлсам, йилдан-йилга кўпайтириб, бугунги кунда 7 сотих майдонни малиназорга айлантирганман. Томорқада ишлаш менга завқ беради.
Маҳалланинг “драйвери” - малиначилик
Маҳаллада аҳоли томорқаларининг умумий майдони 52 гектарни ташкил этади.
- Ҳудудимизда 2 та қишлоқ бор, уларнинг биридаги барча ҳовлида малина етиштирилади, - дейди маҳалла раиси Нуриддин Собиров. – “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида харидорлар шу қишлоқдан малина сотиб олиб кетишади. Хар бир томорқа эгаси малина етиштириб, ўртача 50 миллион сўм атрофида даромад топяпти.
Пенсионер томорқачи
Маҳалла нуронийларидан бири Саъдулла Йўлдошев нафақага чиққандан бери томорқачилик билан шуғулланади. Унинг 1 сотихлик иссиқхонаси бор. 4 сотих ерда малиназор ташкил қилган.
- Дастлаб қишлоғимизга малина кўчатини маҳалладошимиз Хонбийи ая келтирган ва кўпайтирган, - дейди у. – Биз у кишидан 10-15 та кўчат олиб, экиб бошлаганмиз. Бугунги кунда 4 сотих ерда малина парваришлаяпман. Кексалик даврида эрмак бўларкан. Ҳам мўмайгина даромад келтиряпти. Малинанинг ўзидан бир мавсумда 15 миллион сўмдан зиёд даромад қиламиз. Кўчатини сотсак, у ҳам пул. Томорқада бир қарич ерни бўш қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Қатор ораларида сабзавот маҳсулотларини етиштираман. Ўзимникидан ташқари яна 3 фарзандимнинг рўзғорига бир қишлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб бераман.
Ногиронлиги бўлган йигитга иш керак, аммо...
Шу маҳаллада яшовчи Ҳусан Абдураҳмонов ногиронлиги бўлса ҳам турмуш ўртоғи билан бирга 1 сотих ерда малина етиштиради. Унинг кўзи ожиз, аммо истеъдодли йигит.
- Дастлаб, кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини тамомлаб, Тойлоқ педагогика коллежида мусиқа санъати йўналиши бўйича таълим олганман, - дейди у. – Кейин шу йўналиш бўйича Самарқанд давлат университетида ўқидим. Айни пайтда Тошкент давлат педагогика университети магистрантиман.
Маҳалла фаолларининг айтишича, Ҳусан жуда камтарин йигит. Эҳтиёжи бўлса ҳам бировдан ёрдам сўрашни ор билади. Шу кунларда унга иш керак. Уйидан узоқроқ ҳудудларда иш бор, аммо унинг қатнаб ишлаш осонмас. Қишлоғидаги мактабда эса ҳозирча бўш иш ўрни йўқ экан.
- Фарзандимга шу яқин атрофдан иш топилса яхши бўларди, - дейди Ҳусаннинг онаси. – Масъуллар шу масалани ҳал этса жуда миннатдор бўлардик.
Тўлқин СИДДИҚОВ, Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат), Феруза МАМАТҚУЛОВА.