Зеленский: "Уруш Россия ҳудудига кўчмоқда"

Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 522-кун якунлари бўйича қилган мурожаати чоғида россиялик ҳарбийлар “жанг майдонида банкрот бўлди” ва уруш Россия Федерацияси ҳудудига етиб келганини айтди.

“Россия агрессияси жанг майдонида банкрот бўлди. Россия раҳбарияти атиги бир-икки ҳафта давом этишини кутган “махсус ҳарбий операция” давом этаётганига бугун 522 кун бўлди. Украина кучайиб бормоқда. Аста-секин уруш Россия ҳудудига – унинг рамзий марказлари ва ҳарбий базаларига қайтмоқда ва бу муқаррар, табиий ва мутлақо адолатли жараён”, — деди Зеленский Украина энергетика секторининг қишга тайёргарлигини шарҳлар экан.

Владимир Зеленский 30 июлга ўтар кечаси Москвага дронлар ҳужум қилганидан кейин шундай баёнот берган.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучлари Москвада учта учувчисиз аппарат учирган: бирини ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими уриб туширган, иккинчисини радиоэлектрон кураш бостирган, бу эса дронларнинг бошқалар қаторида, Россия вазирликларининг идоралари жойлашган Москва-Сити мажмуаси ҳудудига қулашига олиб келган. Фавқулодда хизматлар маълумотига кўра, бир киши жароҳатланган.

Бугун маълум бўлишича эса, Москва яна дронлар томонидан ҳужумга учраган.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилади.

Москва шаҳридаги бинолар мажмуаси минораларидан бирига учувчисиз учиш аппарати бориб урилган. Дрон Москва вилоятига яқинлашаётганда уриб туширилган.

Полиция дрон уриб туширилган IQ минораси яқинидаги ҳудудни ёпган, мутахассислар аппарат қолдиқларини ўрганмоқда.

Ҳодисада қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.