Зилзилалар қуршовида қолган Ер

Европа-Ўртаер денгизи сейсмологик маркази томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги 4-5 кун ичида дунё бўйлаб 4 баллдан юқори бўлган 241 тадан ортиқ зилзила қайд этилган. Энг кучли силкинишлар Шарқий ва Марказий Туркияда, шунингдек, Сурия қирғоқлари ва Индонезияда кузатиляпти.

- Туркиядаги зилзила литосфера плиталари (ер қобиғининг камфаол майдони)ни уч метргача силжитган геологик силжишини келтириб чиқарди, - дейди италиялик олим доктор Дольони. - Туркияда бўлиб турган сейсмик тўлқинлар Карпат тоғларига яқинлашиб, катта ҳудудда тебранишларни келтириб чиқариши мумкин, - дея қўшди эксперт. Бундай зилзилалар 1977, 1986 ва 1990 йилларда содир бўлган.
Дарҳақиқат, XIX -ХХ асрларда вақти-вақти билан дунёнинг турли бурчакларида миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган ҳалокатли зилзилалар бўлиб турган. Бугунги мақоламизда XXI аср бошида содир бўлган энг ҳалокатлиларини эслаймиз.

2004 йил, Индонезия

Индонезиянинг Суматра ороли яқинида 9,1-9,3 балли зилзила содир бўлди. Унинг ортидан ҳалокатли цунами юзага келиб, табиий офатлар камида 225 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. Шундан сўнг цунами Африкага қараб йўл олди.

2008 йил, Хитой

Тоғли Сичуань ҳудудида содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила 87 600 га яқин одамнинг умрига зомин бўлди. Улар орасида 5 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари бор эди.

2010 йил, Гаити

Пойтахт Порт-о-Пренсда 7 магнитудалик ер силкинишида 316 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Қочиб қутулишга муваффақ бўлган бир ярим миллион одам ўшанда сув, канализация ва электр таъминотисиз чодирларда яшаган. Шундан сўнг мамлакатда вабо эпидемияси бошланди.

2011 йил, Япония

9 магнитудали зилзила шунчалик кучли эдики, Ер ўз ўқидан силжиди. У Хонсю оролида цунамини келтириб чиқарди, 18 000 дан ортиқ одамни ўлдирди ва бутун шаҳарларни харитадан ўчириб ташлади.
Шиддат билан келган улкан тўлқин “Фукусима” атом электр станциясидаги ҳимоя иншоотларини босиб ўтди, ядровий фалокатга сабаб бўлган реакторларни сув босди.

2016 йил, Италия

Италиянинг Марке, Умбрия ва Лацио провинцияларида 2016 йилда содир бўлган 6,2 магнитудали ер силкинишида юзлаб одамлар яраланиб, 297 киши ҳалок бўлди. Фалокат натижасида Аматриче шаҳридаги барча бинолар деярли ёрилиб кетиб, бутун кўчалар вайроналарга тўлиб кетди.

2018 йил, Индонезия

7,5 балли кучли зилзила 1,5 метр баландликдаги ҳалокатли цунамини келтириб чиқарди. Табиий офат 4,3 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди.

2023 йил, Туркия ва Сурия
Сўнгги 80 йил ичидаги энг йирик зилзила. Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сонини аниқлашга ҳали эрта. Туркия ҳудудида 6 февралдан буён турли даражадаги магнитудали доимий силкинишлар кузатилмоқда. Икки давлатда ҳалок бўлганлар сони бугунги маълумотларга кўра 23 000 нафардан ошган.

Шубҳасиз, ер қаърида глобал тектоник ҳаракатлар бошлангани ортидан бугун бутун дунё сеймологлари ер юзида содир бўлган фалокатни тушуниш калитини изламоқда.
Бу каби табиий офатларнинг янги зарбаси қачон ва қайси давлатда содир бўлишини ҳеч ким олдиндан билмайди. Яқин келажакда Еримиз тинчланиб, одамларга ўхшаб турли уруш ва эпидемияларда ўзини йўқ қилиб юбормайди, деб умид қиламиз.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.