Лойиш истироҳат боғида нима гап ёхуд “Эгачим эрга тегди, эскиси менга тегди”ми?
Ҳар бир юртнинг, вилоят ёки туманнинг, ваҳоланки, ҳар бир оиланинг ўз оромгоҳи бор. Оила аъзоларингиз ва меҳмонлар учун ҳовлингиздаги дарахт ёки узум сўриси остига чорпоя қўясиз, гуллар экасиз, соя-салқин, тоза ҳавода ўтириб дам оладиган жойингиз бўлади.
Оқдарё туманида ҳам халқимиз учун худди ана шундай дам олиш жойини, истироҳат боғини ташкил этиш учун 1980 йилда 11 гектар ер ажратилиб, чинор ва бошқа сояли дарахтлар экилиб, йўлнинг қарама-қарши томонида катта футбол майдони, томошабинлар учун қулай йўл ва йўлаклар майдончалар ташкил этилган эди. Туман раҳбари Ўктам Олимов, ижроқўм Усмонқул Шукуров бу хайрли ишга бош-қош бўлган эдилар. Халқимиз ҳашар йўли билан бунёд этган бу масканнинг келажак режалари гўзал эди. Истироҳат боғининг тўрида каттакон кўл бўлиб, сайёҳлар қайиқларда сузиб ором оларди. Орадаги қирқ йил ичида бу истироҳат боғи ва майдонларда нима воқеалар, не синоатлар рўй бермади дейсиз. Неча ҳокимлар келди, кетди, бири экди, бири кесди, бири қурди, бири бузди. Қайиқлар ўтин бўлди, кўллар кўмилиб, уй-жойларга сотилиб кетди. Боғ ўртасидаги хотира майдонининг ҳайкаллари қаёққадир ғойиб бўлди. Паркимизни худо қисмади, ҳокимлар қисди, сотилавериб, тадбиркорларга берилавериб, охири ўртада 5 гектару саксон сотих ер қолди, холос. Бу ерга ҳам худди, бошқа жой қуригандек, автостоянка, нотариус, мусиқа мактаби, нуронийлар, музей, МХХ бинолари қурилди, яна қайсидир шахсларга ҳам ер берилди. Хуллас, 1,5 гектарга яқин ер майдонида қолган саноқли чинорлар ва бир йилда бир марта усти очилмайдиган, ишламайдиган яккам, дуккам тунука ўйинчоқлардан бошқа дурустроқ, кўнгил очадиган манзарани тополмайсиз.
Атрофимиздаги барча туманларда истироҳат боғлари гуллаб-яшнади, осмонўпар чархпалаклар, замонавий аттракционлар ва амфитеатрлар қурилди, фавворалар ўрнатилди. Маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, тумандошларимизни ҳам ўзига жалб этди. Халқимиз оилавий дам олиш кунларини, келин-куёвларимиз тўй куни сайилларини қўшни туманлар истироҳат боғ(парк)ларида ўтказиб, Пайариқ, Иштихон, Самарқанд, Жума шаҳарларига бориб, пулларини бошқа туманлар “паркчи”ларининг чўнтакларига солиб келаётганлигининг барчасига ҳамон гувоҳмиз.
”Ёлғон бўлмасин, беш-олти йил олдин бизнинг паркимизда ҳам бир чиройли, баланд чархпалак пайдо бўлганди, - дейди парк ёнидаги уйларда яшовчи кекса отахон. – Кўп вакт ўтмай уни ҳам ағдариб ташлашди, темирларидан музей хонаси (ўтов суяги)ни ясашди, ўтовни ҳам бузиб, ўрнига ғиштдан хона қуришди, хуллас, чархпалак йўқ бўлди, аниқроғи, “туя” қилишди. Телевизорда бошқа туманлардаги истироҳат боғларини кўриб ҳавас қиламиз, кечки пайт, ишдан сўнг барча аҳоли оилавий дам олишга чиқади, ҳаммаёқ чароғон, болалар хурсанд, ўйингоҳлар, турли аттракционлар, емакхоналар ишлаб туради. Бизнинг паркимизда эса кечаси бойўғли сайрайди, қоп-қоронғу, зим-зиё, ичига кириш тугул ёнидан ўтишдан қўрқасан одам. Шу пайтгача на маданият уйи ходимлари, на туман ҳокимликлари бу муаммоларнинг ечимини топа олмадилар.
Хайриятки, 2017 йилда ишга келган туман ҳокими П.Ўсаров истироҳат боғининг бош лойиҳасини чизди ва ёзги амфитеатрни қуриб битказди. Тадбиркорларни жалб этган ҳолда қурилиш ишларини бошлаган эди ҳамки ҳоким ишдан кетди ва лойиҳа иши яна тўхтади. Бугунги кунда амфитеатрнинг аҳволи ҳам ачинарли ҳолда, туман маданият уйининг ходимлари театрдан унумли фойдаланиш тугул, лоақал, бу масканни бутун сақлаб қолиш, таъмирлашнинг иложини тополмаяптилар.
“Кампирнинг дарди ғўзада” деганларидек, истироҳат боғидаги вояга етган чинорларнинг бозорбоплиги, харидоргирлиги кўпчилик раҳбарларнинг иштаҳасини очиб юборди ва ҳануз давом этмоқда. 2016 йилда туман ҳокимининг хоҳиши билан истироҳат боғидаги чинор дарахтлари “улгуржи” савдода ёппасига қирқилаётган пайтда бир гуруҳ фаоллар - “Оқдарё овози” газетасининг муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев, туман маданият уйи директори Собир Ўроқов, нуронийлардан Аҳрор Жалилов ва бошқалар воқеа жойига рейд ташкил этиб, чинорларни, том маънода истироҳат боғини сақлаб қолишганди. Афсуски, ундан кейин ҳам раҳбарларнинг паркка муносабатлари ўзгармади. Халқимиз доно - “Ўзингдан чўпон чиқмаса, чўпон таёққа ёлчимайсан”, дейди. Дарҳақиқат, “Ҳокимларимиз агар оқдарёлик бўлганларида, асосан, халқимиз дам оладиган, ҳордиқ чиқарадиган ушбу масканни ўзларининг болалари учун ҳамда элидан уялганидан ҳам жаннат жойга айлантирармиди?..” деб ўйлаймиз гоҳо маҳаллийчилик қилиб.
Яқинда туман истироҳат боғини замонавий қайта қурилиши тўғрисида янги бизнес-режаси яратилганлиги, тадбиркорларимиз томонидан янги чархпалак ва аттракционлар, кўнгилочар ўйин жиҳозлари ўрнатилишини эшитиб бениҳоят хурсанд бўлган эдик, ҳатто, болаларимизга суюнчи айтиб, ваъдалар бериб қўйгандик. Хайрият, парк ичидаги ҳувиллаб, “отангга бор-онангга бор” бўлиб ётган қурилиш бинолари сансалорликдан, фалажликдан қутулиб, одамлар билан гавжум бўлса, амфитеатрларда куй янграса, фавворалар отилиб, музейлар очилиб, тарихдан сўйласа... Наҳотки, маданият уйи ходимлари, ҳокимиятдаги мутасаддилар бу муаммоларнинг ечимини топган бўлса?!. Афсуски, қувончимиз кўпга чўзилмади.
Кеча тонгдаёқ, туман маркази аҳолиси орасида “Истироҳат боғига янги замонавий атракционлар эмас, эски, энг ачинарлиси, қўшни вилоятдаги қайси бир туманнинг истироҳат боғидан беш йил аввал яроқсиз деб чиқариб ташлаган металлолом бўлаклари келтирилганлиги тўғрисида хунук хабар тарқалди. Бу жиҳозлар ҳали жойига тикланмасданоқ, “Агар ўша “списат” қилинган нарсалар қуриладиган бўлса, болаларимиз тугул, ўзимиз ҳам, ҳеч биримиз у паркка боришни истамаймиз! ”деган ҳақли эътирозлар билдирила бошлади. Биз “Оқдарё овози” туман газетаси ходимлари аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ушбу воқеани ўрганиш ва аниқлик киритиш мақсадида истироҳат боғига йўл олдик.
Боққа кирар эканмиз тадбиркорларимизни иш жараёнида учратдик. Дарҳақиқат, парк ўртасида жуда кўп металлолом уюмлари, чириган трубалар, кесиб олинган ўриндиқлар, бўёқлари ўнгиб кетган “карусел” ҳалинчак бўлаклари, хуллас, бутун бир истироҳат боғидаги эски жиҳозлар келтирилган. Бу материалларни кўрсангиз, беихтиёр Жиззах шахридаги темир чархпалак узилиши фожиасидан ҳалок бўлган қиз ва шунга ўхшаш қатор даҳшатли воқеалар кўз ўнгингизда гавдаланади. Металлолом уюмларини суратга олар эканмиз, тадбиркорларимизга бу манзара ёқмади шекилли, бош тадбиркор йигит газета сураткашининг ёнига келиб, зарда қилди:
- Сен кимсан? Сизларни бу ерга ким юборди? Аппаратингни йиғиштир! Телефонингни бер буёққа, расмга олишга ҳаққинг йўқ, - дея ўшқирди.
- Биз туман газетасиданмиз, мурожаатларни ўрганишга келдик...
- Мен тадбиркорман! Менинг оёғимга ҳеч ким болта уролмайди, бор, қўлларингдан нима келса қилаверинглар, исқиртлар, ифлослар, кўролмайдиганлар...”.
Орага парк директори тушиб, барчамизни тартибга чақирган эди ҳамки, тадбиркор йигитимиз у кишини ошира кетди. “Сиз аралашманг! Сиз бу ерда бор йўғи қаровулсиз, аралашишга ҳаққингиз йўқ, сизлар ўттиз йилдан бери нима иш қилдиларинг? Мен бу ерни обод қилмоқчиман!
Ана “қаҳрамонлик”, мана “фидойилик”!
Тадбиркор Бобиржон Саидмуродовга қайдларимиз: “Ҳурматли тадбиркор, агар сиз шу боғни обод қилиб, халқ кўнглини хушнуд этмоқчи, бизнес-режа тузиб, кредит олиб, эвазига бойлик, обрў топмоқчи экансиз қандингизни уринг! Аммо, унда нега янги, замонавий жиҳозларни сотиб олмадингиз? Нега бизнесингизни кўп йилларга мўлжаллаб, халқимизни йиллар давомида доимий хурсанд қилишни режалаштирмадингиз? Ахир, бу бизнес! Бу эски арава билан кўпга боролмайсиз-ку! Кимни алдамоқчисиз? Давлатними? Халқними? Ёки ўзингизними? Афсуски, кимни алдасангиз ҳам барча қаллобликнинг жабри халқнинг гарданига тушади. Сиз ҳақиқий тадбиркор бўлсангиз, халқингизнинг фарзандларини қўшни туман болаларининг чиқиндига чиқариб ташлаган “чўлоқ тойчоқ”ларига эмас, ўзингиз сотиб олган янги, “гижинглаган тойчоқ”ларингизга миндиринг. Яна сиздекларга тегишли мақолга қайтамиз: “Эгачим эрга тегди, эскиси менга тегди”ми? Қўшни туманимизнинг тадбиркорлари истироҳат боғларига янги чархпалагу атракционлар ўрнатса-ю, биз уларнинг эскисини олиб келиб, ўзимизни ўзимиз фожеликка маҳкум этамизми? Бу аҳволда оқдарёликларнинг қачон эскиси янги бўлади, аксинча, эски дарди янги бўлаверадими?”.
Парк мудирига тасалли бердик. Дарҳақиқат, “Тадбиркор”имиз айтганидек, ҳоким ва унинг ўринбосарлари тартибга ололмаган ишни оддий парк қоровули қандай уддаласин. Муҳокамада истироҳат боғи жойлашган “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Тўқлиев ўзининг қатъий фикрини билдирди:
- Бу эски, яроқсиз темир-терсаклардан ясалган аттрацион ёки бошқа қурилмалар аҳоли ҳаёти учун хавфли. Бу фожиага асло йўл қўйиб бўлмайди.
Ҳарқалай тадбиркорларимиз бизнинг телефон, аппаратларимизни тортиб олишга ҳаддилари сиғмади. Зеро, ҳали таҳририят биносига қадам қўймасимизданоқ ижтимоий тармоқларда оқдарёлик тадбиркорлар замонавий янги аттракционларни эмас, бир уюм металлоломни арзон гаровга сотиб олганликлари, бунинг ортида ноқонуний манфаатдорлик мавжуд эканлиги тўғрисидаги туман блогери Зафар Очиловнинг видеолавҳалари тарқалди.
Ана шунақа, ҳурматли “тадбиркор”лар, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Модомики, халққа хизмат қилар экансиз, ниятингиз холис, хизматингиз иддаосиз бўлсин, ҳалол ва хушмуомалали бўлинг. Тадбиркорман деб юзингизга қалин ниқобни тақиб олманг. Ниқобингиз қанчалик қалин бўлмасин халқ унинг ортида нима борлигини аниқ билиб турибди. Ҳарқалай, оқдарёликлар “эгачиларидан қолган эски кўйлакни киймоқчи эмас”, бу заиф, ишкал ишнинг оқибати фожиа билан тугайди, халқимизга яхшилик келтирмайди!
Ойгул Маматова.