Барча режа ва мақсадлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмишинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Май ойида маҳаллаларда сайлов бўлади

Дастлаб вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. 

Ваколат муддати тугаши муносабати билан жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг шу йил 16 март куни ўтказилган мажлисида бу ҳақда қарор қабул қилиниб, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. 

Сессияда иштирок этган Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси, республика комиссияси аъзоси Н.Умаров сайловни қонун талабларига мос равишда, очиқ ва ошкора ташкил этиш юзасидан ўз фикрларини билдирди. Вилоятдаги 1126 та маҳалла фуқаролар йиғинида сайловни юксак савияда ўтказиш, бу жараёнда депутатлар ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди. 

Сессияда вилоятда 2022 йил май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиянинг 27 кишидан иборат таркиби, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев комиссия раиси этиб тасдиқланди.

Кенгаш котибияти мудири ўзгарди

Шу пайтгача халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири лавозимида ишлаган Шерали Йўлдошев яқинда Нуробод тумани ҳокими этиб тайинланди ва котибият мудирлигидан озод этилди. 

Депутатлар Каримов Зафар Нуруллаевични халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири лавозимига тасдиқладилар.

Шунингдек, сессияда Ойбек Ходжаевни вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этиш ҳамда ушбу вазифага Мирзабеков Ойбек Алибековични тасдиқлаш тўғрисидаги, Илмуратов Аброр Ураловични вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори вазифасига тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Депутатлар меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этиладиган Ургут тумани туризм ҳудудлари чегараларини белгилаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Қурилишда қинғирлик кетмайди

Сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан вилоят прокурори Ж.Ҳотамов ҳисобот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йилда вилоят бўйича 150 та (шундан 31 таси йилдан-йилга ўтувчи) объектни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, 24 март ҳолатида 106 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган, 13 таси бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Қурилиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган барча объектлар пудратчилари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон тендер савдолари орқали танланиши, қурилиш-таъмирлаш жараёнларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги, қурилиш ишларида муаллифлик, техник ва давлат назорати олиб борилишини таъминлаш ва аниқланган камчиликлар ҳақида штабга ахборот бериб бориш тизими йўлга қўйилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан дастурлар ижроси давомида коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва бюджет маблағлари талон-торож қилинишига имкон берувчи ҳолатларни тезкор ўрганиш белгиланган.

Дастурга киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги иш ҳажмларининг тўлиқлиги ва унда қўлланилган қурилиш материалларининг асосланганлиги лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Ўрганишлар жараёнида Пайариқ туманидаги 59-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларида ораёпма плиталар сони ошириб кўрсатилиши натижасида объект қиймати сунъий равишда 119,7 миллион сўмга ошириб кўрсатилганлиги, Ургут туманидаги 121-мактабнинг фасад қисми сувоқ ишларида 145 миллион сўм, 81-мактабда нархларни ошириб кўрсатиш орқали 47 миллион сўм, Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактабни реконструкция қилиш объекти сметасида материал харажатларига 206 миллион сўм ортиқча кўрсатилганлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноятчиликнинг олдини олишда маҳаллада янги тизим йўлга қўйилади

Сессия кун тартибига кўра, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматовнинг 2021 йил давомида вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, ўтган йил вилоят ҳудудидаги маҳаллаларнинг 332 таси (29,6 фоизи)да жиноят содир этилмади. 791 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилган бўлиб, шундан 390 таси “сариқ” (жиноят барқарор ва камайган) тоифага ва 401 таси “қизил” (жиноят ошган) тоифага киради.

2021 йилда вилоят бўйича 749 та ўғирлик, 1271 та фирибгарлик ва 1129 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ўғирлик жиноятларининг 365 таси тунги вақтда амалга оширилган. 

Жиноят қидирув соҳасида қайд қилинган 4501 та жиноятнинг 1271 таси ёки ҳар тўртинчиси фирибгарлик жиноятларини ташкил қилиб, ушбу жиноятларнинг умумий сони 2020 йилга нисбатан 61 фоизга кўпайган.

2021 йилда содир этилган 56 та қотиллик жиноятининг 18 таси оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.

2022 йилнинг ўтган икки ойида жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида умумий жиноятлар 3 тага, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар эса 2 тага камайди. Қайд этилган 777 та жиноятнинг 376 таси ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди.

Р.Маматов вилоятни жиноятчиликдан холи ва хавфсиз ҳудудга айлантириш мақсадида маҳаллаларда янги тизим жорий этилишини маълум қилди. Мазкур янги тизим тажриба тариқасида “қизил” тоифага кирувчи Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар" ва Ургут туманидаги "Терак" маҳаллаларида йўлга қўйилди. Бунда маҳалладаги ҳар бир масъулнинг – раиснинг ҳам, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар билан ишловчи ходимнинг ҳам ўз вазифаси бўлади. Улар ўзаро ҳамкорликда ишлайди.

Сессияда, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят халқ таълим бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, Паст Дарғом тумани сектор раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил этиш ва келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокими Ш.Худойбердиевнинг ҳисоботлари эшитилди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.