Давлат хизмати кўрсатишда қарийб 4 мингта қонунбузилиш аниқланган

Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, давлат хизматлари марказлари томонидан 389 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Хусусан, 13 мингдан ортиқ (1094 та юридик шахс) (8952 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари) давлат рўйхатидан ўтказилди.
Йил бошидан буён никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш (102 156 та);
Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш (503 358 та);
Судланганлик (судланмаганлик) ҳақида маълумотнома бериш (144 939 та);
Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш (155 086 та);
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш (120 429 та) хизматлари энг оммабоп хизматлардан бўлди.
Бу маълумотлар вилоят матбуот уйида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Азизов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Анжуманда қайд этилишича, шу йил тўрт ойи давомида давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан 3995 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. ФҲДЁ соҳасида композит (бирлаштирилган) хизмат тури бир вақтнинг ўзида бешта хизмат - туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Ушбу хизмат туридан бугунги кунга қадар 52 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланган. Хизматлар сифати ва кўламини янада кенгайтириш учун олис ҳудудларда сайёр тарзда хизмат кўрсатилмоқда.
- Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганидан буён давлат хизматлари учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 499 кундан 271 кунга қисқартирилди, - дейди Ш.Азизов. – 16 та туман-шаҳарларда марказлар учун замонавий бинолар қуриб, фойдаланишга топширилди. Ҳозиргача марказлар орқали 157 турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётган бўлса, йил якунигача хизматлар сони 200 тага етказиш, барча хизматларни инвентаризация қилиб, уларнинг муддатлари, тўлов миқдорлари, шартлари ва бошқа талабларини соддалаштириш режалаштирилган.
Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан соҳада 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Анжуманда Ш.Азизов журналистларнинг соҳага янги тадбиқ этилаётган хизматлар, уларнинг шаффофлигини ошириш, кўламини кенгайтириш борасидаги саволларига жавоб берди. Хусусан, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини марказлар орқали алмаштириш борасида синов тариқасида Паст Дарғом туманида ишлар бошланганди ва кейинчалик барча туман-шаҳарлардаги марказларда бу хизмат йўлга қўйилиши бўйича аввал маълумот берилганди, аммо ҳануз бу иш амалга ошмади. “Сабаб нима?”, деган саволга Ш.Азизов барча туман-шаҳарлардаги марказларда бу хизмат учун шароит яратилган, лекин янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрловчи ускуналар қиммат бўлганлиги учун ички ишлар соҳаси масъуллари бу хизматни барча марказларда жорий этишни ривожлантирмаганини билдирди.
Ў.Худойбердиев.