Дунёга машҳур блогерлар Тошкентда жам бўлди
Тошкент шаҳрида “World Influencers Congress”(WIC) I Халқаро инфлуэнсерлар конгрессига старт берилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Унда дунёнинг 100 га яқин энг сара фикрлар етакчилари, инфлуэнсерлари, блогерлари, нуфузли шахслари, медиа-персоналари ва интернетдаги бошқа таниқли кишилар иштирок этмоқда. Шунингдек, тадбирга ҳукумат ва дипломатик корпус вакиллари ҳам ташриф буюришди.
Конгрессни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди:
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ислоҳотлари ва новаторлик ғоялари натижасида бугун Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда. Хусусан, юртимизда миллий иқтисодиётнинг стратегик сектори сифатида белгиланган - туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг яққол далилидир”, - деди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
Тадбирнинг расмий қисми тугаши билан инфлуэнсерлар Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатга бориб, ўз йўналишида ажойиб контентлар тайёрлашади ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлашади.
“World Influencers Congress” Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари томонидан ташкил этилмоқда.