Кучли қор ва музли ёмғир Германия ва Чехияда транспорт қатновини тўхтатди
Чоршанба куни шимолий ва марказий Европага кучли қор ва музли ёмғир ёғиб, Скандинавия мамлакатлари, Германия ва Чехияда транспорт ҳаракати тўхтатилди.
Зарар кўрган ҳудудлардаги кўплаб мактаблар ва болалар боғчалари ёпилди. Бир қатор компаниялар ходимларига уйдан туриб ишлаш имкониятини таклиф қилишди.
Deutsche Bahn миллий темир йўл оператори 17 январь куни бир нечта узоқ масофали поездларни бекор қилди ва тезюрар поездларнинг максимал тезлигини соатига 200 километргача чеклашини эълон қилди.
Германиянинг энг гавжум аэропорти — Франкфуртда ҳам музлаган ёмғир раҳбариятни парвозларни тўхтатишга мажбур қилди. Тушдан кейин парвозлар қайта тикланди, дея хабар беради Германиянинг Dpa ахборот агентлиги.
Саарбрюкендаги кичик аэропорт бир кунга ёпилди, Мюнхенда ҳам парвозлар кечикиш ва бекор қилиш ҳолатлари кузатилди.
Чехияда ҳам йўллар музлагани учун транспорт ҳаракати тўхтатилган. Пайшанба куни кечқурун аксарият ҳудудларда ҳаво исиб кетган бўлса-да, мамлакат шимолида совуқ ва музли ёмғир давом этмоқда.
Ноқулай об-ҳаво туфайли Европанинг бир қанча давлатларида юқори даражадаги хавф эълон қилинган. Хусусан, кучли қор ва шамол туфайли Данияда поездлар қатнови чекланган.