Қозоғистон ўзбекистонлик талабаларнинг оммавий қайтиш ҳолатига изоҳ берди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонлик талабаларнинг мамлакатдан оммавий қайтишлари ҳолатига изоҳ берди.

Аниқлик киритилишича, Қозоғистон ТИВ Ўзбекистон томонидан расмий мурожаат олган. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барча ўзбек талабаларини ватанга қайтишга чақиргани айтилган.

“Ўзбек талабаларига йўлланган чорлов қўшни республикада таълим тизимининг ислоҳ қилиниши билан боғлиқ. Ҳозирда Ўзбекистонда чет элда, асосан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда таҳсил олаётган барча талабалар, улар ўз ўқишларини ватанда, ота-онасининг ёнида давом эттира олишлари учун қўшимча шароитлар яратилмоқда”, деди Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров.

ТИВ вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистон олийгоҳларида айни вақтда ватандошлар учун квоталар ва грантлар сони кўпайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги февраль ойининг бошида қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчиришлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ўқишни кўчириш муддати 15 мартга қадар белгиланган.

Аввал ўзбек талабаларида бундай имконият бўлмаган. Кўнгилли равишда ўқишни кўчириш қарори, талабалар ота-оналари томонидан ўз фарзандларига моддий ёрдам юборишда юзага келаётган қийинчиликлар туфайли қабул қилинган. Бундан ташқари, талабаларнинг ота-оналари қўшни мамлакатлар олий даргоҳларидаги таълим сифатидан ҳам норози бўлганлар.