Рамазон ойида малайзиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда юртимизга бағишланган 10 қисмли ҳужжатли фильм намойиш этилади
2020 йилнинг 14 январь куни Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Малайзия давлат телерадиокомпанияси (Radio Televisyen Malaysia – RTM) раҳбарияти билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ҳақидаги 10 қисмли ҳужжатли фильмни ҳамкорликда яратиш бўйича лойиҳани, кейинчалик Малайзиянинг етакчи ТV1 ва ТV2 телеканалларида намойиш этиш ишларини муҳокама қилишди. Лойиҳа бўйича суратга олиш ишлари шу йилнинг февраль-март ойларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада режалаштирилган. Ҳужжатли сериал 2020 йилнинг май - Рамазон ойи давомида намойиш этилади.
«Қўшма лойиҳамиз малайзиялик томошабинларни халқимизнинг тарихи, урф-одатлари, маданияти ва сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда юз берган тарихий ўзгаришлар билан таништиради. Ислом дини тинчлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик дини эканлигини ёрқин тарихий далиллар, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш тарзи мисоллари билан намойиш этилади. Суратга олиш жараёнларида буюк мутафаккир олимлар - Имом ал-Бухорий, Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига эътибор қаратилади”, дейди «Ўзбеккино» раҳбари.
Учрашувда бошқа қўшма Ўзбекистон-Малайзия лойиҳаларини амалга ошириш механизмлари ва ташкилий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Шундай қилиб, Малайзиянинг “Aquiula Emas” медиа компанияси “RTM” кўмаги билан Марказий Осиё мамлакатлари учун GLOB, деб номланган сайёҳлик дастурини суратга олишни режалаштирмоқда. Фильмнинг 5 қисми Ўзбекистонга бағишланади.
Эслатиб ўтамиз, «RTM» - бу 36 та радио ва 3 та телевизион каналлардан иборат бўлган Малайзиядаги энг йирик жамоат телерадиокомпанияси. Каналлар аудиторияси сони ўртача 25 миллион кишини ташкил этади.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги кўмаги билан ўтган йилнинг охирида таниқли америкалик журналист Раин Чилкот ва Британиянинг “I-Motus” компанияси билан Ўзбекистон ҳақидаги олтита ҳужжатли фильмни яратиш бўйича халқаро лойиҳа бошланган эди.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати.