Раққоса кампир

Инглиз хоним Сара Пэдди Жонс зерикарли оқшомлар ва поликлиникага бориш ўрнига рақс билан шуғулланади ва дорига рецепт эмас, одамлардан олқишлар олади. Ваҳоланки, унинг ёши 80 да.

У болалигидан рақсга жуда қизиққан. Аммо кейинчалик келин бўлгач, ё оила билан шуғулланиш ёки рақсни танлашга тўғри келади. У оилани танлади. Орадан йиллар ўтди, эри вафот этгач, ёшлигидаги орзусини амалга ошириш учун рақс мактабига борди. Ўшанда Сара Жонс 70 ёшда эди.

Кекса кампирнинг бу қарори кўпчиликда ҳайрат уйғотди, ҳатто мазах қилиб кулувчилар бўлди. Бироқ кампирнинг чаққон ҳаракатлари, жозибадор рақслари барчани лол қолдирди. Унинг шериги ва устози Николас Эспинос унга ишонди ва дуэтда рақс тушишни таклиф қилди. Кампир ҳатто унча-бунча ёш раққосалар ҳам ижро этолмайдиган мураккаб рақсларни шу даражада қойилмақом қилиб ижро этдики, зал қарсаклардан ларзага келди.

Ҳайратланарлиси яна шундаки, Сара Жонс репетициядан кейин ҳам машғулотлардан чарчамайди. “Мен рақс тушишдан оладиган завқни сўз билан ифодалашга ожизман”, дейди у. Тўрт фарзанд, 7 неварали 80 ёшли кампирнинг чиройли қад-қомати, ажин тушмаган чеҳрасини кўрган қиз-жувонлар ҳавас қилишади.

Бу истеъдодли икки жуфтлик – Сара Жонс ва Николас Гепинас шу даражада машҳур бўлишдики, уларни доимо интервью беришаётганда, сафарларда киносуратга олиш студияларида, турли халқаро рақс лойиҳаларида иштирок этишганда учратиш мумкин.

Бугун улуғ ёшда рақсда акробатик умбалоқ отиш усулларини қойил қилиб ижро этаётган Сара Жонс ягона кампирдир. У инсон истаса ҳамма нарсага, ҳар қандай ёшда эришиши мумкинлигини барчага исботлади.

Т.Шомуродов тайёрлади.