Сайловларда қайси партия кўпроқ имкониятларга эга?

Яқинда бир даврада шундай савол ўртага ташланди. Сиз бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз? Саволга жавоб бериш учун, аввало бир нарсага аниқлик киритиб олиш керак. Айни дамда юртимизда нечта партия бор? Бешталиги аниқ, аммо улардан қайси бирининг сайловолди дастури билан яқиндан танишгансиз?

Афсуски, бу саволга аксарият фуқароларимиз тайинли жавоб беролмайди. Нега? Биринчидан, ҳеч қайси партиянинг сайловолди дастури бошқа бир партиянинг илгари сураётган ғоялари билан кесишмайди ёки уни кескин рад қилмайди. Партияларнинг сайловолди дастури бир-бирини тўлдиради, холос.

Албатта, мамлакатимизда мутлақ етакчи партия бор. Бу Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси. Бунга юқорида айтганимдай уларнинг сайловолди дастури ёки таниқли сиёсий етакчиларга эгалиги сабаб бўлгани йўқ. ЎзЛиДеПнинг бошқаларга нисбатан устунлиги шундаки, мамлакатнинг амалдаги Президенти айнан шу партиядан кўрсатилганлигидадир.

Айтиш мумкинки, айнан мамлакат раҳбари чиққан партия сифатида улар ўтган сайловларда парламентда мутлақ кўпчилик овозга эга чиқишганди.

Аммо воқеликлар шуни кўрсатмоқдаки, бу йилги савловлар ўтган йилгилардан тубдан фарқли равишда ўтади. Бу аввало, аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлиги бир қадар кўтарилганлиги билан боғлиқ. Қолаверса, матбуот ва интернетда бошқа партия лидерларининг ҳам анча фаоллашгани, халқнинг кўнглидаги ғояларни илгари сураётгани сиёсий кураш кескин тус олишидан далолатдек.

Бироқ бир жиҳат кишини таажжубга солади. Ўтган галги сайловларда вилоятимиздан парламент қуйи палатасига 14 нафар депутат сайланди. Тўғри Рустам Қобилов, Марҳабо Ғафурова, Саҳобиддан Арзиқулов бошқарув идораларига ишга ўтиб, депутатлик фаолиятини тугатди. Лекин вилоятимиздан сайланган бошқа депутатларчи?

Уларни яқин ўртада вилоятда учратиш имкониятига эга бўлмадик. Аммо матбуотда, ҳеч бўлмаганда ижтимоий тармоқларда нималар билан бандлигини кузатмаймиз. Биргина, Азамат Пардаев бошқалардан фарқли равишда ўз сайловчилари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келаётганидан хабардормиз. Хусусан, яқинда ғаллани давлатга бозор нархларида топшириш масаласида бошқа ҳудудларда ҳам, ўзи сайланган Нарпай туманида ҳам аҳоли ўртасида ўрганишлар ўтказди.

Кимнидир мақташ ёки қоралаш фикридан йироқмиз. Аммо Азамат Пардаев мисолида депутатларимиз халқ билан бирга ишлаши, сайловчилари билан доимий алоқада бўлиб туриши шарт. Тўғри, 22 декабрда кимнидир сайлаймиз. Лекин ҳурматли депутатлар, партия фаоллари халқ учун, уларга овоз берган, эртага яна ишонч билдирадиган одамлар билан ишлашни ўрганишлари шарт.

Ёқуб ГАДОЕВ.