“Шоирлар боғи” Самарқанд шаҳрининг қаерида жойлашган?

Самарқанд шаҳридаги "Шоирлар боғи"нинг қаерда жойлашганлигини кўпчилик билмайди. Сабаби, шу пайтга қадар бахши боболаримиз ҳайкаллари ўрнатилган мазкур хиёбонда тадбирлар, яъни адабиёт кечалари, мушоиралар деярли ўтказилмаган.
Яқинда истеъдодли ёш шоирлар ташаббуси билан “Шеърюраклар” деб номланган тўгарак ташкил этилди ва унинг аъзолари таклифига асосан боғда шеърият оқшоми ўтказилди.
Илк бор ўтказилган кеча “Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилиб, унда 30 га яқин ёш ижодкорлар ҳамда меҳмон сифатида устоз шоирлар иштирок этди. Улар ижод намуналаридан ўқиди.
- Бугун “Шеърюраклар”нинг илк мушоираси, - дейди шоира Дилноза Aҳророва. - Бундай учрашувлар адабиётнинг ўлмаслиги, барҳаётлигини эслатади. Ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказишга, ижодкорларни бирлаштиришга, уларга илҳом бағишлашга хизмат қилади.
Назм кечаси навосиз ўтмади. Кўчадан ўтаётиб, мушоирага қизиқиб қолган ҳаваскор санъатсевар ёшлардан бири мусиқа асбобини қўлига олиб, бир жуфт қўшиқ куйлаб берди.
Шунингдек, Регистон майдонидан чиқиб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишга йўл олган қозоғистонлик сайёҳ ҳам тадбир иштирокчисига айланди.
- Турмуш ўртоғим билан Самарқандга саёҳат қилгани келиб, тасодифан мушоирада қатнашаётганимдан хурсандман, - дейди Дилноза Аҳмедова. – Бу ерда иштирок этаётган ёш ижодкорларнинг китоблари чоп этилишини, улар қозоқ тилига ҳам таржима қилиниб, бизнинг мамлакатимиз ёшлари ҳам мутолаа қилишини истайман.
Бу тадбир ҳар ойда бир марта ўтказилиши белгилаб олинди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.