Тошкентда авторақамни "яширишга" уринаётган ҳайдовчилар сони кўпайди
Сўнгги вақтда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан давлат рақами ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келтирилган автомобиллар суратларини тез-тез Тошкент ИИББга жўнатилмоқда.
Суратларда кўпинча автомобиллар давлат рақамлари бўёқ билан бўялган ёки улардаги ҳарфлар устига бирор нарса ёпиштирилганлиги, рақамлари устидан турли плёнкаларни тўлиқ ётқизишлари акс этган (бу билан рақамларни радарлар учун “кўринмас” ҳолга келтирмоқчи бўладилар). Баъзида рақамларни расво ҳолатга келтиришади. Бундай ҳолатнинг ғайритабиийлиги автомобилнинг кузови ярқирайдиган даражада тозалиги билан кўзга ташланади.
Йўл ҳаракати қоидаларида бир қатор шартлар борки, улар юзага келганда автомобилдан фойдаланиш тақиқланади. Улар қаторида давлат рақам белгиларининг етарли даражада кўринмаслик ҳолати ҳам қайд этилган. Ҳайдовчи мунтазам равишда автомобилининг ҳолати фойдаланиш шартларининг барчасига мувофиқ эканлигига ишонч ҳосил қилиб туриши лозим. Акс ҳолда улови жарима майдончасига тушиб қолиши мумкин.
Масалан, 28 февраль куни ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан бири биз билан улашган суратда “Matiz” русумли автомобиль 10 W 834 QA давлат рақамининг иккита белгиси устига пухталик билан қоғоз ёпиштиргани акс этган. Қўшимча тарзда худди шу автомобилнинг бошқа ракурсдан туширилган сурати ҳам жўнатилган эди. Унда олд томондаги давлат рақамлари талабларга мувофиқ ҳолатда эди.
Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари автомобилни ишончнома асосида бошқарган ҳайдовчи 31 ёшли Ҳилола М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125 (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ҳамда 128-6 (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) моддаларига мувофиқ баённома расмийлаштирди.
Эслатма: "Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек, давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, мазкур ҳолларда қоидабузарнинг транспорт воситаси жарима майдончасига жойланади.