Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат Алишер Ҳамроев: Ўнта эмас, битта қонун қабул қиламиз. Токи, бу қонун халқимиз манфаатларини тўлақонли ифодаласин, янги Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилсин

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида «Эл-юртимиз депутатлар тимсолида қонун ва ахлоқ-одоб мезонларини бузган мансабдорларга қарши тура оладиган талабчан курашчини, халқ дардини қўрқмасдан кўтариб чиқадиган ўз ҳимоячиси, ўз вакилини кўришни истайди. Бу борада дастлабки қадамлар ташланмоқда. Расул Кушербаев, Шуҳрат Полвонов, Алишер Ҳамроев каби ёш ва жонкуяр депутатлар фаолияти сайловчиларга манзур бўлмоқда», дея эътироф этди.

69-Тойлоқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган Алишер Ҳамроев бу эътирофдан руҳлангани ва бу зиммасига янада юксак масъулият юклаганини яширмади:

- Рости, баъзида очиқ, аммо аччиқ гапириб юборганимдан афсусланган вақтларим бўлди. Негаки, ҳар қандай одам фикрини қўлловчилар камчиликни ташкил қилса, у табиий равишда тушкунликка тушиб қолади. Аммо мажлисда давлатимиз раҳбари бунга мутлақо ўрин қолдирмади. Айниқса, Расул Кушербоев, Шуҳрат Полвонов каби менинг ҳам номимни тилга олганида, очиғи, еттинчи осмонга чиққандай бўлдим.

Яшириб нима қилдик: ўтган асрда ва ундан кейинги даврларда дардини ичига ютадиган авлод шаклланди. Оғриқ, азоб жонидан ўтиб кетганда ҳам бир оғиз эътироз билдирмаслик қон-қонимизга сингиб кетди. Айрим жойларда, кимдир муаммони, одамларни қийнаётган масалани кўтариб чиқса, унга ачиниш билан қараганимиз ҳам шундан аслида.

Энг ёмони, кейинги уч йилда давомида “Нима дардинг бор”, деган саволга ҳам “Ҳаммаси жойида”, деяётганганимиз ҳам бор гап. Ваҳоланки, эскидан бир гапимиз бор: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Қолаверса, муаммони, масалани хаспўшлаганимиз билан у ҳал бўлиб қолмайди ёки кимдир келиб уни тўғрилаб бермайди.

Шу маънода, биз, парламент аъзолари аҳолининг манфаатларидан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги фаолиятини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасидаги ўзаро чамбарчас боғлиқ комплекс вазифаларни амалга оширишимиз керак. Сайловчиларимиз ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун берилган ваколат ҳамда имкониятларни тўла ишга солишимиз, қўйилган вазифаларни теран англаб, фаолият юритишимиз зарур. Бунда Президенимиз қайд этганидек, ўнта эмас, битта қонун қабул қилишимиз, лойиҳани бир соат эмас, уч соат муҳокама этишимиз лозим. Токи, бу қонун халқимиз манфаатларини тўлақонли ифодаласин, янги Ўзбекистонимизнинг тараққиётига хизмат қилсин.

Айни пайтда Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасини интизорлик билан кутяпмиз. Сабаб, ўтган йилги Мурожаатномада фаолиятимизга оид кўплаб масалалар ўрин олган эди. Бу гал ҳам биз, депутатлар ишини самарали ташкил этишга қаратилган вазифалар белгиланадики, бу истиқболдаги режамизда устуворлик касб этади.