Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИББ Италия фуқаросининг Тошкентда ижарага олган хонадонида ўлик ҳолда топилгани юзасидан изоҳ берди

Маҳаллий ОАВларда жорий йилнинг 16 февраль куни тахминан соат 23:00 да Миробод тумани Буюк Турон кўчасидаги хонадонлардан бирида 1992 йилда туғилган Италия Республикаси фуқароси Джорджо Гено (Гиоргио Гҳено)нинг жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларига кўра, Гено Джорджо сайёҳ сифатида Тошкентга жорий йилнинг 9 февраль куни етиб келган ва 10 февраль куни онлайн-хизматлар орқали Италия Элчихонаси вакили орқали Миробод туманида 30 кунга ижарага олган хонадонида рўйхатдан ўтган.

Гено Джорджо 10 февраль кунидан алоқага чиқмагач, унинг қариндошлари Элчихонага мурожаат қилганлар. Элчихона вакиллари 16 февраль куни Гено Джорджо истиқомат қилган хонадонга келганларида эшик қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермаганидан сўнг улар хонадон эгаси Б.Ф.ни чақирганлар. Биргаликда хонадонга киришганида эса жасад топилган.

Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг маълумотномасига кўра, Гено Джорджо унинг жасади топилганидан бир неча кун илгари ҳаётдан кўз юмган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертиза тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Гено Джорджо Тошкент шаҳрига жорий йилнинг 9 февраль куни Малайзиядан учиб келган бўлган.

Сўров давомидаги хонадон эгасининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 февраль куни йигит унга мазаси бўлмаётганлигини айтган. Аммо шундан сўнг улар алоқага чиқишмаган.

Қўшниларнинг айтишича, улар Б.Ф.нинг хонадонида кимдир яшашини билишмаган. Чунки на шовқинни ва на кимдир кириб-чиққанини кўрмаганлар.

Италия фуқаросининг ўлими факти бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.