Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ислом Каримовнинг журналистларга муносабати қандай эди?

Таниқли журналист Соҳибжон Алижонов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан боғлиқ хотиралари билан бўлишди.

«2000 йилнинг февраль ойи. “Давр”да мухбир бўлиб ишлайман. Олий Мажлис сессиясини ёритишга борганмиз. Сессияда раҳматли Ислом Каримов қатнашди. Таомилга кўра, олдин у киши гапирди, кейин бошқалар. Ўша пайтдаги катта амалдорлардан бири минбарда гапираётганди, Ислом Каримов уни тўсатдан саволга тутиб қолди. Бечора амалдор ўзини йўқотиб қўйиб, тайинли жавоб беролмайди, нуқул довдирайди.

Бу менга эриш туюлиб, ёнимда ўтирган ҳамкасбим Тўлқин Пўлатовга аста гап қотдим:

— Тўлқинжон, қаранг. Кап-катта одам, вазир бўлса, гапини эплаб гапиролмайди-я?! Тўлқинжон кулимсираб: “Ака, бунақа вазиятда сизам довдираган бўлардингиз”, деди. “Ҳечам-да! Мен бўлсам шартта-шартта гапириб ташлардим”, дедим.

Мажлис тугаб, ишхонага қайтдик. Келсак, “Давр”нинг ўша пайтдаги раҳбари Фурқат ака Зокиров кутиб турган экан. “Тез Президент девонига жўнанг, тушдан кейин йил якунлари бўйича йиғилиш бўлади, ёритасиз”, деди. Бошлиқ амри вожиб, жўнадим.

Бу йиғилишда ҳам раҳматли Ислом Каримов анчагина гапирди, қанча вазиру вузаро, амалдорларни тикка қилиб, ўзимизнинг тил билан айтганда “тоза обориб-обкелди”.

Йиғилиш охирлаб қолганда бирдан балконда ўтирган журналистларга қараб: “Қани, журналистларданам гапирадиганлар борми? Нима дейсизлар бу ҳолатга?”, деб қолди. Казо-казо газеталару журналларнинг савлатдор раҳбарлари сергакланиб, бир-бирларига қарашди-ю, лекин бирортаси юрак ютиб микрофонга чиқмайди, денг. Президентнинг ўша пайтдаги матбуот котиби уларга қараб, туринглар бирорталаринг, деган маънода имласа, ҳаммаси кўзини олиб қочади. Вазият таранг. Шунда, матбуот котиби менга қараб: “Чиқ, Соҳиб! Чиқмасанг, ҳозир дабдала бўлади”, деди. Ўрнимдан қандай турганим, микрофон олдига қандай келганимни билмайман. Худди туш кўраётгандайман.

Очиғи, нима деганим, қандай гапирганим ҳам унчалик эсимда йўқ. Ҳарқалай, ҳар ким ўз жойида сидқидилдан ишласа, ёшларга кенгроқ йўл берилса, янаям яхши бўлади, деганга ўхшаш гапларни чалакам-чатти ғўлдирадим.

Ҳартугул, аҳволимни тушунди шекилли, бироз кулимсираб, “Шу ерда ўтирган ҳамма раҳбарларга, масъулларга, журналистдан қочманглар, уларнинг саволларига очиқ жавоб беринглар, шунда ишларимиз яхши бўлади, деб, сизнинг номингиздан айтсам бўладими?” деди. Мен дарров бош ирғаб розилик билдирдим».

Хуллас, ўша кўрсатув эфирга кетгач, анча машҳур бўлиб юрдим. Лекин, ёв қочса ботир кўпаяр, деганлардек, сенинг ўрнингда бўлганимда у деб ташлардим, бу деб ташлардим деганларам кўп бўлди. Бундай пайтларда, ўша биринчи йиғилишда бояги амалдор, кейинги йиғилишда ўзим қай ҳолатга тушганимини эслардиму, кулиб қўярдим.

Орадан сал ўтиб, Наврўз байрамида биринчи Президентимиздан яна интервью олишга тўғри келди. Эндигина саволга оғиз жуфтлагандим, кулиб: “Сени яхши биламан, саволинг доим тайёр. Мана, тунов кунги мажлисимизда гапирганинг ҳам яхши бўлди. Ана шунақа катта давраларда тажриба орттиришларинг керак, эртага ўзларингга керак бўлади. Ўзи ўша куни дадил чиқиб гапирганинг учун ҳам сенга “Жасорат” медали беришимиз керак”, дедилар.

Интервью тугаши биланоқ, атрофдаги ҳамкасблар “муборак бўлсин”га тушиб кетишган бўлса-да, мен у медални ололмадим. Сабаби, ўша воқеадан кўп ўтмай, мени Президент девонига ишга олишди. У пайтларда эса девонда ишлайдиганларни мукофотлаш унчалик урф эмас эди.

Бироқ, бунга сираям ачинмайман. Чунки кўнглимда раҳматли Ислом Каримов ҳақида мукофотлардан ҳам қадрлироқ ва ёқимлироқ хотиралар, у кишидан кўрган яхшиликларим қолди.

Менга шундай туюлармиди ёки ростдан ҳам шундаймиди, журналистларни ўзига анча яқин олардилар, раҳматли. Ҳатто баъзан-баъзан давлат раҳбари, расмий шахс эканиниям эсдан чиқариб, биз мухбирлар билан шунчаки, қизиқ гаплардан чақчақлашганлариниям эслайман.

Аллоҳ жойларини жаннатдан қилган бўлсин!