Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Lexus” ҳайдовчиси Ўзбекистондан 7 бош маймунларни олиб чиқишга уринди

Ўз манфаатларини барча нарсадан устун қўйиб, божхона қоидаларини бузишга уринаётган шахсларнинг қилмишлари ўз вақтида фош этилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга ўзининг “Лексус RX 330” автоуловида чиқиб кетаётган фуқаро Б.А.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу фуқаро ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Натижада, автомашинада божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва декларацияда кўрсатилмаган, умумий қиймати 100 миллион сўмлик бир бош “Оқпанжа гиббон” ва олти бош “Явана макакаси” туридаги маймунлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган маймунларнинг соғлиги ветеринар-шифокорлар назоратида бўлиб, юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқиш белгиланган тартибда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.