Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Права”га имтиҳонни тадбиркорга ҳам топшириш мумкин

Бу ҳақда Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарор билан “Давлат функциялари – бизнес учун имконият” лойиҳасини амалга ошириш бошланади. Яъни, қарор билан қуйидаги йўналишларда давлат бошқаруви соҳасига хусусий секторни жалб қилиш тасдиқланди.

Хусусан, 2021 йилдан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Энди транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш соҳасида – тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш мумкин. Бундан ташқари, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш соҳасида – ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Қарор билан 2021 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилмоқда.

Зарурат ва кутиладиган натижа

Пандемия давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мақбуллаштириш, самарадорлигини ошириш бўйича янги ёндошувларни ишлаб чиқиш, айрим соҳаларда иштирокини танқидий кўриш масаласини долзарб масала сифатида қўймоқда. Бунда давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш бошқарув самарадорлигини оширишда истиқболли йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.

Бироқ бу борада мамлакатимизда ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд эди. Иқтисодиёт тармоқларида давлат функцияларини амалга оширишда хусусий секторнинг иштироки пастлиги, давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг аниқ тартиби ҳамда зарур талаб ва шартлари белгиланмагани, давлат органларини сақлаш харажатлари юқорилиги бунга ёрқин мисол бўла олади.

Мазкур сабаб туфайли Адлия вазирлиги зиммасига давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил ва мониторинг қилиш вазифаси юклатилганди. Шу асосда кейинги икки йилда вазирлик томонидан 77 та идора фаолияти ўрганилиб, таҳлил қилинган ва 17 та лойиҳа, 187 та таклиф ишлаб чиқилган.

Мазкур таклифлар асосида қабул қилинган давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори тадбиркорликнинг янги йўналишлари яратиш орқали хусусий сектор томонидан янги иш ўринлари барпо этиш ва бюджетга солиқлардан тушумни оширишга хизмат қилади.

Радарлар қаерда ўрнатилади?

2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Самарқанд вилоятида 103 интеллектуал видеокамералар, 27 стационар радарлар ўрнатилиши белгиланган.

Интеллектуал видеокамералар энг кўп Самарқанд шаҳрида – 63 та, энг ками эса Нуробод туманида – 1 та, қолган ҳудудларда 2 тадан 6 тагача ўрнатилади.

Оқдарё туманида 6 та, Нарпай туманида 5 та, қолган ҳудудларда 1-2 тадан стационар радар ўрнатилади. Қўшработ, Нуробод ва Пайариқ туманларида тадбиркорлар томонидан стационар радар ўрнатилмайди.

Қайд этиш лозимки, ўрнатиладиган жойларни бизнес-субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан амалга оширилади. Лотнинг бошланғич нархи тартиби Ички ишлар ва Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартиб асосида аниқланади.

Воситалар ва шохобчалар ИИВ ва Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан белгиланадиган мезонлар ва техник топшириқларга, уларни ўрнатиш талаблар ва бошқа зарур шартларга мувофиқ бўлиши керак.

ИИВ ўрнатилган воситаларни ва шохобчаларни ДЙҲХХнинг “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилади.

Уларнинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан, жорий электр энергияси харажатларини қоплаш хусусий сектор зиммасига юклатилади.

Хусусий сектор воситалари ва шохобчалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг бир қисмини олади. Унинг миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Имтиҳон қандай олинади?

2021 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказишга ҳақли бўлади.

Бунинг учун нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга бўлиш керак.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун замонавий автодромларни ташкил этиш ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш бўйича қўшимча мажбуриятлар назарда тутилмоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида амалга оширилади.

Имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ унинг тасарруфида қолади.

Назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади.

Махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркорлик субъекти томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

Ё.МАРҚАЕВ тайёрлади.