Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида жорий йилда 32 та ёнғин содир бўлди

Қишнинг қировли кунлари кишилар уйларини иситишнинг турли антиқа йўлларини ўйлаб топишади. Аммо, биргина эҳтиётсизлик ёмон оқибатларга олиб келишини хаёлларига келтиришмайди.  Кимдир газ плитасини доимий ёқиб қўяди, кимдир ғиштдан қўлбола усулда ясалган иситиш печидан фойдаланади. Бу ҳам етмагандек, уларни қаровсиз қолдиради. Натижада фалокат содир бўлади.

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг ўтган февраль ойи мобайнида 32 та ёнғин содир бўлди. Ёнғиннинг 26 таси аҳоли турар жойларида рўй берди. Мисол учун 2019 йилнинг 11 март куни соат 05:57 ларда Самарқанд шаҳрида яшовчи Б.Джафарова уйида ёнғин содир бўлиб, уй жиҳозлари ва уйнинг том қисми ёнғиндан зарар кўрди. Хонадон эгаси газ иситиш печкасини ёқиб, қаровсиз қолдирган экан.

Жорий йилнинг 27 февраль куни Самарқанд шаҳар Кул маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Азимов ошхонасидаги газ плитасини ёқмоқчи бўлган. Газ йўқлиги боис уни қайта ўчиришни унутган ва кўчага чиқиб кетган. Бироздан сўнг Т.Азимов уйига қайтиб келиб, электр энергиясини ёқмоқчи бўлган. Электр энергияси ҳам ўчиб қолганлиги сабабли уй эгаси газ ҳидини сезмасдан гугурт ёққан. Шу пайт қисқа муддатли чақнаш содир бўлиб, хонадон эгаси куйиш тан жароҳатини олган ва шифохонага ётқизилган.

Дилшод Нажмиев,

Самарқанд шаҳар ЁХБ инспектори, сержант.