Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалари Болгарияда амалиёт ўтайди

Бу бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда  Болгария Республикасининг Варна шаҳридаги Халқаро саноат ва аҳолини табиий офатлар, бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилиш коллежи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида белгиланди.

Маросим доирасида таълим муассасаси бошқаруви раиси ўринбосари, доктор П.Сиротин ўзи вакили бўлган олий ўқув юртининг бугунги фаолияти, таълим йўналишлари, ўрганиш объектлари ва Самарқанд Ветеринария медицинаси институти билан  ҳамкорлик алоқаларидан кутилаётган натижалар хусусида маълумот берди.

Маълумотларга кўра, Болгария Республикасининг йирик провинцияларидан бири бўлган Варна шаҳрида жойлашган мазкур коллеж кўп йиллик тарихга эга бўлиб, Европа, Осиё мамлакатларининг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.  Мамлакат аҳолисининг 18 фоизи қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан банд. Таълим муассасаси Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан биотехнология ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш борасида ҳамкорлик қилмоқчи.

Ҳамкорлик алоқаларида малака амалиётида талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларни стажировка учун юбориш, келгусида халқаро “Ўзбек-Болгар-Чехия маркази”ни таъсис этиш, биотехнологик кластер тармоғини яратиш каби йирик лойиҳалар назарда тутилган.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.