Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда электр тармоқларидаги таъмирлаш ишларининг айримлари фақат қоғозда бажарилган, холос

Тасдиқланган дастурга асосан вилоятда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан 2635,3 километр электр узатиш тармоқлари ва 750 та трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, 18111,8 километр электр узатиш тармоқлари ва 7140 та трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш кўзда тутилган.

Мазкур режалаштирилган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимлигига 100 фоиз бажарилганлиги ҳақида ҳисобот берилган. Аммо жойига чиқиб ўрганилганда айрим ҳудудларда умуман бажарилмаганлиги аниқланган.

Бу ҳақда 18 ноябрь, душанба куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида айтиб ўтилган.

Жумладан, Пахтачи тумани Амир Темур маҳалласида, “Истиқлол” линиясида жойлашган 408-трансформатор пунктида 10 кВлик сақлагичлар ўрнига сим ўрнатилган. Трансформатордаги қуввати 0.4 кВлик электр шитда 2 та федр уланган бўлиб, уларга 2 та ўрнига 1 та кучли электр токларини улаш ва узиш учун хизмат қиладиган мослама (рубильник) ўрнатилган. “Рубильник”дан чиқувчи кабелларга учликлар ўрнатилмаган ва трансформатор пункти эшиклари қулфланмаган.

Уркач маҳалласи “Марҳабо” линиясида жойлашган 55-трансфоратор пунктидаги 6 кВлик сақлагичлар ўрнига ҳам сим ўрнатилган. Қуввати 0.4 кВлик шитга уланган 3 та федрлар учун алоҳида “рубильник”лар ўрнатилмаган. Сақлагичлар ўрнига сим боғланган.

Паст Дарғом туманида жойлашган 639, 635, 2542, 2829, 2310-трансформатор пунктларида қуввати 10 кВлик ҳамда 0.4 кВлик шитда сақлагичлар ўрнига сим ўрнатилган. Чиқиш кабелларига учликлар ўрнатилмаган, “0” тармоғининг сими контурга мустаҳкам боғланмаган, ўтиш изолятори ток ўтказиш қисми герметик ёпилмасдан, устига полиэтилен халта ўраб қуйилган.

Нарпай туманида жойлашган Н-837 ва Н-87 трансформатор пунктларида қуввати 10 кВлик сақлагичлар ўрнига сим ўрнатилган. Трансформатор пунктлари тамирталаб аҳволда.

Йиғилишда қайд этилганидек, худди шундай камчиликларни Оқдарё туманидаги 4082- ва 4991-сонли, Тойлоқ туманидаги 488-сонли ҳамда Самарқанд шаҳридаги 266-, 554- ва 67-сонли трансформатор пунктларида ҳам учратиш мумкин.

Йиғилишда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбарига 1 ҳафта муддатда ҳудудларда аниқланган камчиликларни бартараф этишни таъминлаш вазифаси топширилган.

“Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбарига бажарилган ишларни ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича вилоят ҳокимлигига асосли маълумот киритиш белгиланган.