Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда вафот этган ўқитувчининг 15 киши томонидан калтаклангани ростми? Бош прокуратура аниқлик киритди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Самарқандлик ўқитувчи 15 киши томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани айтилмоқда” сарлавҳали мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи баёнот берди.

2019 йил 20 ноябрь куни соат тахминан 03.40 ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчасида фуқаро Джурабек М. (1990 йилда туғилган, ишчи) шериклари Дониер С. (1994 йилда туғилган, судланган, ҳайдовчи) ва Муҳаммад К.лар  (1997 йилда туғилган, судланган, ишчи) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, шаҳардаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Иззатило М. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, жанжал вақтида қўл ва оёқлари билан уни бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказишган.

Оқибатда Иззатило М. шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг маълумотига кўра, Иззатило М.га “оғир ёпиқ КЦТ, бош миянинг оғир даражали лат ейиши” ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, 2019 йил 23 ноябрь куни Иззатило М. жонлантириш бўлимида вафот этган.

2019 йил 23 ноябрь куни Джурабек М., Дониер С. ва Муҳаммад К.лар ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.