Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Кастилия Ла-Манча университети (Испания) ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди

2019 йилнинг 6 май куни Испания Қироллигининг Кастилия Ла-Манча университети (Universidad de Castilla-La Mancha) халқаро ишлар ва узлуксиз таълим бўйича проректори Фатима Гуадамиллас Гомез, халқаро алоқалар бўлимининг академик директори Джорди Гимено Бевиа ва испан элчихонасининг ходими Алежандро Пастраналардан иборат делегация Самарқанд давлат тиббиёт институтига ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонлар институтда ўқув жараёнининг ташкил этилиши, ахборот-ресурс маркази, тест маркази, электрон кутубхона ва симуляцион таълим марказини кўздан кечирдилар. Испания университети вакиллари институтимизда европа таълим талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган олий тиббий таълим олиш мақсадида яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо бердилар.

СамДТИ ректори, профессор А.М.Шамсиев қабулида испан делегациясининг аъзолари илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб институтда яратилган таълим ресурслари ва моддий-техник базасидан мамнун эканлигини айтиб ўтдилар. А.Шамсиев минтақамизда инсоният тамаддуни азал-азалдан ривож топиб келаётгани, қадимий ва ҳамиша навқирон азим Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли чорраҳасида бекат вазифасини ўтаганлиги, ўрта асрлардан Испания ва юртимиз ўртасида элчилик алоқалари, шу жумладан Руи Гонсалес де Клавихо айнан Кастилия ва Леондан элчи бўлиб Соҳибқирон Амир Темур ҳузурига келганлиги тўғрисида сўзлаб берди ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик қилиш таклифи учун самимий миннатдорчилик билдириб ўтди.

Ўзаро манфаатли мулоқот натижасида Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Кастилья-ла-Манча университети (Толедо, Испания) ўртасида олий таълим соҳаси ҳамда илмий ва академик алмашувлар ҳақида меморандум имзоланиб, яқин истиқболдаги самарали ҳамкорликнинг илк  қадамлари қўйилди.