Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлик қилмаган «тадбиркор»нинг 11 йил аввалги солиқ қарзи кимнинг айби билан пайдо бўлди?

Яқинда таҳририятга Самарқанд тумани, Бўзи маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳафиза Саноатовадан мактуб келди. Ҳафиза опа солиқ идораларидан норози бўлиб, қуйидаги фикрларни келтирган:

«Қўшимча даромад топиш учун 2007 йилда 1 миллион сўм миқдорида кредит олмоқчи бўлиб, банкга мурожаат қилдим. Ўша пулга тикув машинаси ҳамда тикиш учун мато сотиб олмоқчи эдим. Банк менга “давлат рўйхатидан ўтиб келинг”, деди. Ўша пайтлар ҳокимиятга бориб, минг югуришлар, сарсонгарчиликлар билан якка тартибдаги тадбиркор, деган гувоҳномани олдим, яна банкка бордим. Банкдагилар «Гаровга нарсангиз бўлиши керак, акс ҳолда кредит ажратолмаймиз», дейишди. Ўзи бор-йўғи тикув машинаси ва мато учун пул олмоқчи бўлсам, гаровга нимани қўяман, деб тушунтирдим. Аммо ҳеч ким мени эшитишни истамади. Шу тахлит кредит ололмай, бу ишдан воз кечишга мажбур бўлдим.

Кўп вақт ўтмасдан солиқ идораларидан қарздорлик варақалари кела бошлади. Мен солиқ идорасига бориб тушунтирдим, “банкдан кредит ололмадим, бирор иш бошлаганим йўқ”, дедим. Оғзаки ҳам, ёзма ҳам тушунтириб, айтиб келдим. Ҳатто, ҳоким қабулига ҳам кириб, воқеани баён қилишимга тўғри келди. «Сиз бораверинг, сизни безовта қилишмайди», деб жўнатди. Шу гап билан хотиржам юравердим. Аммо орадан 11 йил ўтиб уйимизга яна солиқ идораси, мажбурий ижро бюросидан хат кела бошлади. Менинг розилигимсиз 2018 йил апрель ойидан 2019 йилнинг апрель ойига қадар ўша, солиқ тўловларига 50 фоиз пенсия пулимни ушлаб қола бошлашди. Лекин мана, орадан бир йил ўтиб, яна қарздорлик ҳақида хат келиб тушяпти?

Мен тадбиркор бўлиб ишлаш тугул, ҳатто кредит ҳам ололмаган бўлсам. Ўша пайтдаги солиқ идоралари бу ҳолатдан хабардор бўла туриб, нега тадбиркорлик қилинмаган 3 йил учун солиқ солишаяпти? Ўзим пенсионерман, 350 минг сўмга яқин пенсия оламан. Соғлиғим яхши эмас, рўзғорни ўзим қиламан. Нега солиқ идоралари йўқ фаолиятни ўша пайтдаёқ ёпиб юборишмади? Шу саволга жавоб излайвериб, нечта идорага хат ёздим, аммо жавоб битта - сизнинг солиқ идораларидан фалон сўм миқдорда қарзингиз аниқланди, деган жавоб келади. Шу саволимга аниқ жавоб берадиган мутасадди бормикан? Емаган сомсага қачонгача пул тўлайман ахир!?».

Ушбу мактубни Самарқанд тумани солиқ инспекциясига жўнатдик. У ердан ўша, Ҳафиза Саноатовага йўлланган жавоб мактуби бизга ҳам келиб тушди:

«Самарқанд тумани давлат хизматлари маркази маълумотларига асосан якка тартибдаги тадбиркор сифатида 2007 йил 21 декабрь куни рўйхатга олинган ва гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2010 йил 21 декабрь кунига қадар бўлган.

Самарқанд тумани давлат солиқ инспекцияси маълумотлар базасида ЯТТ Ҳафизова Саноат Аҳадовнага шахсий карточка очилиб, қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадали Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан тўғри ҳисобланган ва 2009 йил март ойидан жорий йилнинг май ойи ҳолатига жами даромад солиғи учун 410 881, 42 сўм тўлов амалга оширилган. 2019 йилнинг 23 май ҳолатига қатъий белгиланган солиқдан 747 250,99 сўм ва суғурта бадалидан 763 600, 17 сўм, жами устама суммалари билан 1 510 851,16 сўм қарздорлик юзага келган.

Самарқанд вилояти хўжалик судининг 2015 йил 8 октябрдаги ижро варақаси мажбурий ундирувга жами устама суммалари билан 1 4552,1 минг сўм қаратилган».

Ҳафиза Саноатова бир йил давомида пенсиямдан 50 фоиз ушлаб қолинди, солиқ учун, деяпти. Солиқ идораси эса бу ҳақда бирор маълумот келтирмаган. Умуман, банкдан кредит ололмаган, бу ишнинг моҳиятини тушунмаган аёлга нега ўз вақтида тушунча берилмаган? Ўша пайтлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, кейин иш бошламаганидан ҳудуд солиқ инспекторлари хабардор бўлиши керак эдику?! Ўша пайтлар бир неча марта бу бўйича солиқ идораларига мурожаат қилганман, деяпти Ҳ.Саноатова. Лекин нега ҳамон у масалада идорама-идора сарсон юрибди?

Гулруҳ МЎМИНОВА.