Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Tаshkent Sity”га ишга киритиб қўяман”

Нурободлик Шерзод Аюбов (исм-фамилиялар шартли) юз нафарга яқин фуқароларга ана шу ваъдани бериб, уларнинг 40 миллион 300 минг сўмга тенг бўлган мулкини такроран алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Шерзод қишлоқдошлари ва бошқа фуқароларга Тошкент шаҳрида қурилаётган “Tаshkent Sity”га ишга киритиб қўйишини, бу ерда 700-900 АҚШ доллари миқдорида ойлик маош олиши мумкинлигини айтиб, уларнинг ишончига киради.

Айтган гаплари яна ҳам ишонарли бўлиши учун ишга киришни хоҳловчиларга яшаш турган маҳалласидан маълумотнома, фуқаролик паспорти, меҳнат дафтарчаси ва ҳарбий гувоҳномаси нусхаси, олти дона 3х4 ҳажмли фотосурат, ИНН, 086-сонли тиббий маълумотнома тақдим этишлари зарурлигини айтади. Яхши ҳақ тўланадиган иш излаб юрган киши албатта, бу гапларни ишониб, айтилган ҳужжатларни тўғирлайди-да. Лекин Шерзод бу ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг ишга кирмоқчи бўлганлар суғурта учун 400-450 минг сўм пул тўлаши кераклигини маълум қилади. 900 доллар ойлик маош олишдан умидвор кишилар албатта, бу шартга кўнади ва улар айтилган суммани ёки шунга тенг буюмни Шерзодга келтириб беришади.

Аммо, охир-оқибат бу фирибгарлик фош бўлиб, “Tаshkent Sity”да ишламоқчи бўлганлар алданганликларини билиб қолишади.

Мазкур жиноят иши яқинда жиноят ишлари бўйича Нуробод туман судида кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топилган Шерзод Аюбов томонидан жабрланувчиларга етказилган 40 миллион 300 минг сўм зарар унинг қариндошлари томонидан тўлиқ қоплангач, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Наби РАЙИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нуробод туман судининг раиси.