Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг саккизинчи сессияси онлайн тарзда ўз ишини бошлади

Сессияда Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, юқори палата қўмиталари раисларининг ўринбосарлари, Сенат девонининг тегишли бўлинмалари ходимлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, барча бўғиндаги ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятнинг соҳа раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашмоқда.

Сессия ишида дастлаб вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш якунлари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади.

Маълум бўлишича, вилоятни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга 6 марта амалга оширган ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450 дан ортиқ лойиҳа тасдиқланиб, улар ижроси таъминланмоқда.

Ҳисоботда вилоятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги ҳам қайд этилган.

Депутатлар шунингдек, Жомбой, Тойлоқ, Ургут ва Самарқанд туманларида янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқади.

Бундан ташқари, сессия давомида фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулки объектларидан самарали фойдаланиш ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияcини тузиш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Сайтимизни кузатиб боринг.