Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро илмий-тадқиқот марказига “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг кўзи ожизлар учун мўлжалланган нусхаси ҳадя қилинди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Покистоннинг Жанубий Африка Республикасидаги Нур-Ислом университети уламолари ташриф буюрди.

Меҳмонларга марказ фаолияти, мақсад ва вазифалари, илмий-тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Музейдаги Имом Бухорий ҳаёти ва ижоди, илмий сафарлари ҳақида ҳикоя қилувчи турли экспонатлар ва қўлёзма манбалари фондида сақланаётган нодир асарлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Нур-Ислом университети катта устози, шайх Фазлур Раҳмон Азлий марказ кутубхонасига “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг кўзи ожизларга мўлжалланган, брайль услубида ёзилган нусхасини совға қилди.

Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба сифатида эътироф этилган “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарини эндиликда марказнинг кўзи ожиз зиёратчилари ҳам ўқиши мумкин.

Шайх Фазлур Раҳмон Азлий бошчилигидаги делегация аъзолари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини ҳам зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати.