Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хайрия маркази эҳтиёжманд оилаларга маҳсулот етказишни бошлади

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қошидаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази жамланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини эҳтиёжманд оилаларга етказиб беришни бошлади.

Маҳсулотлар санитар-гигиеник талабларга мувофиқ кўрикдан ўтказилиб, қабул қилинмоқда. Тегишли тартибда тақсимланиб, манзилга етказилмоқда. Хайрия ёрдамлари ортилган транспорт воситалари ҳам тўлиқ санитар ишловдан ўтказилган.

- Шу пайтга қадар 1 миллиард сўмга яқин маблағ тўпланди, - дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шерали Искандаров. – Шунингдек, марказга 60 тоннага яқин 9 турдаги маҳсулотлар келтирилган. Бу маҳсулотлар вилоятимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тарқатилмоқда.

Марказда “Call-sentr” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, «1197» қисқа рақамли телефон хизмати орқали ёрдамга муҳтож фуқаролар, хайрия қилмоқчи бўлган тадбиркорлар ва бошқа саховатпеша инсонлар мурожаатлари қабул қилинмоқда. Шу пайтга қадар марказга 700 дан зиёд мурожаатлар бўлган.

Бахтиёр МУСТАНОВ.