30 йил давомида ўрмонда яширинган аскар
У уруш тугаганидан бехабар эди.
«Менга ҳар қандай ҳолатда ҳам партизан урушини олиб бориш тўғрисида буйруқ берилган эди», деди Хироо Онода ўлимидан олдин.
Япония императорлик армиясининг собиқ кичик лейтенанти Хироо Онода 2014 йилда Токиода 91 ёшида вафот этди. У иккинчи Жаҳон урушининг тугашига ишонишдан бош тортгани ва қасамёдига содиқ қолгани, Филиппиннинг Лубанг оролидаги ўрмонда 29 йил яшириниб юргани билан машҳур бўлди.
1974 йилда оролга атайлаб уруш тугаши тўғрисидаги император имзолаган буйруқ олиб келингандан сўнг Онода қуролини ташлашга рози бўлди ва Японияга қайтиб келди. Мамлакат самурайни қаҳрамон сифатида кутиб олди.
Буйруқ муҳокама қилинмайди
Иккинчи Жаҳон уруши ниҳоясига етаётгани ва Америка кучлари барқарор равишда шимол томон илгарилаб бораётган бир пайтда лейтенант Онода Лубанг ороли қуршовида қолди.
Бағоят мушкул вазиятда қолишига қарамай, ёш офицер қасамёдига содиқ қолди ва ўттиз йил давомида таслим бўлишни рад этди.
Ҳар бир япон аскари жон беришга тайёр эди, лекин мен разведка ходими эдим ва ҳар қандай ҳолатда партизанлар урушини олиб бориш тўғрисидаги буйруғим бор эди, - тан олди Онода 2010 йилда АВС телеканалига берган интервьюсида. – Агар мен буйруқни бажара олмасам, виждон азобида қолган бўлардим.
Онода қўл остида уч аскар бўларди. Улардан бири 1950 йилда душман томонга таслим бўлди, иккинчиси вафот этди, учинчиси эса 1972 йилда маҳаллий аҳоли билан вақти-вақти билан бўлиб турадиган тўқнашувларнинг бирида вафот этди.
Оноданинг ўзига ҳам таслим бўлиш таклиф қилинган, бироқ у қуролни ташлашдан қатъиян бош тортган.
Кейинчалик, у ўзига юборилган Япония парламент аъзоларини фитначи ва ўрмондан чиқиб кетиш таклифи ёзилган варақалар душман ташвиқоти деб ўйлаганини тан олди.
«Ушбу варақаларда кўп хатоликлар бўларди ва мен ёзувларни америкаликлар ёзаётганига амин эдим», - деди у.
Шарафли капитуляция
Эҳтимол, Хироо Онода ҳукумат Филиппинга учиб кетишни ва шахсан буйруқ беришни сўраган ўзининг собиқ қўмондони бўлмаганида ўз урушидан қайтиб келмаган бўларди. 1974 йилнинг март ойида у деярли 30 йилдан бери эскирган ва ямалган ҳарбий кийимида Япония байроғига салют бериб жанг қиличини Филиппин Президентига топширди, шу билан унинг уруши шу ерда ниҳоясига етди.
Филиппин ҳукумати Лубанг аҳолисининг норозилигига қарамай, уни авф этди, ахир Онода партизан урушини олиб бориб тўқнашувларда 30 кишини ўлдирган эди.
Уруш тугаганидан сўнг кўплаб япон аскарлари жанг тугаганига ишонмай, ўрмонни тарк этишдан бўш тортган бўлсада, Оноданинг уруши энг узоқ давом этганди.
1974 йилнинг декабрида Индонезиянинг Моротай оролида тасодифан Япония армиясининг яна бир аскари Теруо Накамура топилди. У ҳам ўз қўмондони буйруғини кутиб, ҳеч ким билан жанг қилмасдан батамом ёлғизликда ушбу ерларда тинчгина экин етиштирган. Накамура асли Тайванлик бўлиб, у ўз ватанига қайтарилган.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.