403 миллион сўмлик истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйган дўкон фош этилди
- 29.05.2024 15:32
- 116
- Жиноят ва жазо
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят ички ишлар бошқармалари ходимлари томонидан Самарқанд туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Туманнинг “Ўзбеккенти” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “X.S.” оилавий корхонасининг савдо дўконида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий қиймати 403 миллион сўмлик 49 турдаги жами 11 054 дона, шундан 5 230 донаси қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.