Адолат қаерда ёхуд 105 нафар талаба нега курсдан қолдирилди?
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бир гуруҳ талабалари 2018/2019 ўқув йилининг иккинчи семестрида белгиланган фанларни ўзлаштиролмагач, курсдан қолдирилган. Бундан норози талабалар “Адолат бўлсин” номли телеграм канали очиб, кафедра мудири Зафар Суннатовнинг ёзги семестрда бўлган имтиҳон натижаларини адолатсиз баҳолаган ва шахсий адовати туфайли 160 нафар талабани ноҳақ курсдан қолдирди, дея шикоят қилишган.
Аниқланишича, институтдаги 6 та факультетдан 5 тасида талабаларни курсдан қолдириш бўйича буйруқ чиқарилган. Фақат мурожаатда ёзилганидек, 160 нафар эмас, балки 105 нафар талаба фанларни ўзлаштира олмагани (академик қарздор бўлгани) учун институт ректори буйруғи билан курсдан қолдирилган.
Талабалар холислигига шубҳа қилган Зафар Суннатов мудирлигидаги фойдали қазилма конлар геологияси ва қидирув разведкаси кафедраси томонидан 42 нафар талаба ўқитувчининг уларга нисбатан шахсий адовати туфайли эмас, аксинча, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-боб, 37-банди талабларига кўра курсдан қолдирилган.
Институт маъмурияти академик қарздорлиги бор талабаларга фанларни ўзлаштириши ва ўқишни давом эттиришлари учун тўрт маротаба имконият берган, уларнинг ота-оналарини огоҳлантирган, имтиҳонларни қайта топширишлари учун зарур шароит яратган. Афсуски, талабалар берилган имкониятни суиистеъмол қилишган.
Институт ректори норози талабалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашган. Курсдан қолдирилганлар орасида фанга алоқадор саволларга жавоб бериш у ёқда турсин, ҳаттоки, ўзи таҳсил олаётган таълим йўналиши ёки фаннинг номини тўлиқ айтиб беролмайдиган талабаларнинг бўлишида нафақат лоқайд талабалар, балки уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчиларнинг ҳам айби бор.
Норози талабаларнинг бир ўқитувчи ўрнига иккинчиси дарсга кириши, синовдан ўтолмаганлар рўйхатида икки кишининг “тушиб” қолиши ёки кимлардир 500 $, 800 $ ва ҳаттоки 1000 $ гача “гаплашиб” ҳал қилаётгани ҳақидаги эътирозлари ҳам тасдиқланмади.
Ҳақиқатдан, геология ва кончилик факультетидан жорий ўқув йилининг шу кунига қадар 10 нафарга яқин профессор-ўқитувчи вазирлик томонидан тасдиқланган режага мувофиқ малака оширишга юборилган. Малака оширишга жалб қилинган педагогнинг ўрнига унинг дарсини ҳамкасби ўтишига олий таълим муассасасидаги тартиб-қоидалар имкон беради.
Институтда 410 соат дарс қолдирган талаба йўқ. Тенгдошларида шубҳа уйғотган Ж.Тошев ва Ш.Сафаровларга эса академик қарздорлик учун қайта топширилган имтиҳонлар даврида касал бўлганлиги ва буни тасдиқловчи маълумотнома факультет раҳбариятига тақдим этилгани учун амалдаги тартибга биноан 2 ҳафта муҳлат берилган. Бу қарздор талабаларнинг курсдан курсга ўтганини билдирмайди, улар 5 тадан 8 тагача фандан имтиҳон топширади ва имтиҳон натижасига кўра қарор қабул қилинади.
Курсда қолдирилган талабалар “Устозимиз З.Суннатов 5 ойдан кейин нафақага чиқаркан, уни эслаб юришимиз учун бизни йиқитяпти”, дея ёзғирган “кекса” педагог Зафар Суннатов аслида 1972 йилда туғилган. Айни кучга тўлган ёшдаги техника фанлари номзоди, доцент, ёшларга билим бериш иштиёқи билан ёнаётган ўқитувчилардан.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги фармонига мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида олий таълим соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
"Вазирлик томонидан бу иллатга қарши курашиш йўлида кўрилаётган қатъий чоралар, жойларда нафақат айрим педагоглар балки баъзи талабалар ҳам шаффоф ва адолатли баҳолаш тизимига тайёр эмаслигини кўрсатмоқда. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтидаги ҳолат бунинг яққол тасдиғидир", дейилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида.