Адоват муҳимми, адолат ёки собиқ прапорщик нимадан норози?

Сарлавҳани ўқибоқ ҳарбийлардан бирининг шикоятидир-да, деган ўй хаёлингиздан ўтган бўлиши табиий. Дарҳақиқат, шундай. Бироқ муаммо бир ёки икки эмас, нақд 22 йиллик тарихга эга.

Биргина шунинг ўзиёқ даъвогар қайсидир даражада ҳақ, деган гумонларга сабаб бўлади. Негаки, аксарият ҳолларда иккинчи томон даъво муддати ўтиши учун атайлаб, ҳа атайлаб (бу ҳолат қонунчиликда қасддан, деб тавсифланади) «қорлар ёғиши ва излар босилиши»га ҳаракат қилади.

Аризачи, яъни собиқ прапорщик Илҳом Мусаевнинг иддаосича ҳам шундай бўлган. Ва энди кўплаб ҳолатларга аниқлик киритишнинг иложи қолмаган. Шундай бўлса-да, синчков суриштирувчи учун бу катта қийинчилик туғдирмайди. «Бироқ қани ўшандай масъулиятли, виждонли, аризачига қайишадиган одам», дейди И.Мусаев йиғламоқдан бери бўлиб.

Рост, мурожаатни тинглаган ҳар қандай одам И.Мусаевнинг тақдирига ачиниб кетади. Аризасини ўрганган идораларнинг хўжакўрсинга иш тутганидан ҳафсаласи пир бўлади.

- Йигирма йилдан ортиқ аризабозлик, сарсонгарчилик ортидан соғлиғимни йўқотдим, оиламдан ажрадим, - дейди И.Мусаев. – Энди олтмиш бир ёшимда сўққабош бўлиб, хизматим эвазига берилган уйни хусусийлаштиролмасдан, энг кам пенсия билан кун кечиришга мажбур бўлмоқдаман.

Тўғри, бир замонлар Мудофаа вазирлиги ва унинг қуйи тизимларидан бирор ахборот олиш, уларга муайян масала юзасидан мурожаат қилиш бефойда эди. Ватанни ҳимоя қилувчи идора ўзини ҳам шу қадар ҳимоя қилар эдики, бу “қўрғон”га мўралаб ҳам бўлмасди. Бироқ кейинги икки йилдаги очиқлик сари қўйилаётган қадамлар, ҳатто ушбу тизимдаги ошкоралик сабабли умид билан вилоят ҳокими қабулига кирдим. Аммо Мудофаа вазирлигининг вилоятлардаги тизимларида ҳамон эскича иш услуби, бюрократия, қоғозбозлик ҳукм сураётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим.

И.Мусаевнинг билдиришича, ҳарбий хизматни ўтаганлиги учун пенсия тайинлаш масаласини кўриб чиқиш ва ҳарбий хизматни ўташ даврида берилган, ҳозирда яшаб келаётган уйини унга хусусийлаштириб беришни сўраб вилоят ҳокимига мурожаат қилган. Табиийки, вилоят ҳокими мурожаатни тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш ва қонун доирасида ҳал қилиш учун вилоят мудофаа ишлари бошқармасига йўллаган.

Ўрганмаган эмас, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, мурожаатни ўрганган. Қайсики, уни «ёпиш» учун ўрганган. Негаки, мурожаатчи, 1986 йилнинг 29 март кунидан 1994 йилнинг 27 январ кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий хизматни ўтаган. 1994 йил 12 сентябрдан 1996 йил 16 октябрга қадар Тожикистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилган. Яъни, календарь ҳисобида 11 йилу 6 ой, имтиёзли қўшиб ҳисоблаганда 13 йил хизмат қилган. Амалдаги тартибга кўра, 20 йилдан кам муддат ҳарбий хизмат қилганлиги учун унга пенсия тайинланмайди.

Бу рақамлар ёки маълумот И.Мусаевнинг ўзига ҳам кундай равшан. Бироқ у 1994 йилнинг 27 январида ноҳақ ишдан бўшатилган. Мана шу ҳақиқатни юзага чиқармоқчи. Шунча йиллик умри шунинг учун барбод бўлди-ку. Йўқ, вилоят мудофаа ишлари бошқармасидаги масъуллар бу масала бизнинг ваколатимизга кирмайди судга мурожаат қилинг ёки ҳарбий прокуратурага борганингиз маъқул, демади. Гўё бу ҳақда гап-сўз бўлмагандай шунчаки, қонундан кўчирма олишди ва юқорида қайд қилинган И.Мусаевнинг ўзига-да аён бўлган ҳақиқатни баён қилиб, жавоб хати беришди, холос.

Тамом, масала шу билан ёпилди. Тўғри, воқеликнинг бошқа тафсилотлари ҳам бор. Умумий олганда, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси масъул ходими мурожаатчи билан суҳбатда «Ёрдам қиламиз”, деб “қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди» ҳамда бир энлик жавоб хати билан «балони кўздан йўқотишди».

И.Мусаевнинг билдиришича ўша - 1994 йил 27 январда ишдан бўшатишганда бу ҳақда тинимсиз турли даражадаги қўмондонлик ва бошқа идораларга шикоят аризалар ёзаверган. Оқибатда собиқ бошлиғи (аслида адоват айнан шу мулозим билан юз берган, унинг тарихи бир китоб бўлгулик), яъни Самарқанд гарнизони танкчилар қисми командири Рафаэл Янов уни Тожикистон Республикасига кўнгиллилар сафида фуқаролар урушини бартараф этишда ёрдам бериш учун хизматга боришга кўндирган.

- Мен хизматдан бўшатилганман, ҳақиқатда номуносиб бўлсам, унда қандай Тожикистонга юборишди, - дейди И.Мусаев. – 20 йилдан зиёд вақт давомида бу масалани ўрганадиган одам топилмади. Аслида мени қайтиб келмаслигимни режалаштириб, Тожикистонга фуқаролар урушига юборишган. Шундан кейин Р.Янов турмуш ўртоғим ва болаларимни ўша пайтда менга берилган уч хонали квартирадан чиқариб, икки хоналисига ўтказган. Мен қайтиб келганимдан кейин уларга «сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолди». Бироқ ҳар сафар унинг адовати ғолиб чиқиб келмоқда. «Ўйнашмагин арбоб билан …», деган мақолнинг нақадар тўғри эканлигига ўз тақдирим мисолида гувоҳ бўлиб турибман.

Ҳа, мурожаатнинг қисқача тафсилоти шундай. Лекин ҳақиқат борки, Илҳом Мусаев 11 йилдан кўпроқ ҳарбий бўлиб ишлади, ватан осойишталиги учун хизмат қилди. Йигирма беш йилдан бери хизмат уйида яшаб келмоқда. Энди айтингчи, наҳотки шу уйни хусусийлаштиришга рухсат бериш адолатсизлик бўлса? Яна бир гап: 11 йилу 6 ой ҳарбий бўлиб ишлаган собиқ прапорщик энг кам миқдордаги пенсия олаяпти. Қани бу ерда мантиқ? И.Мусаевнинг «Қорнимгамас, қадримга йиғлайман», деганича бор. Шундай эмасми?

Ўйлаймизки, бу масалани тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари жиддий ўрганиб, адоват эмас, адолат тантана қилишини таъминлашади.

Ё.Гадоев.