Ақлан чарчайди, жисмонан улгурмайди: Бир синфда 40 тадан ортиқ ўқувчи таълим олиши ҳақида журналист мулоҳазаси
Балки айрим мактабларнинг бир синфида шунча бола таҳсил олаётганига ишонмассиз. Аммо бу ҳолат кейинги йиллар туман марказлари, йирик-йирик шаҳарлардаги умумтаълим мактабларида кўзга ташланмоқда.
Айниқса, рейтинг кўрсаткичлари юқори бўлган, биз «престижный» - нуфузли деб билган аксарият таълим муассасаларида ана шундай - меъёридан ортиқ ўқувчи қабул қилиш ҳолатлари юзага келмоқдаки, бу ўқувчиларнинг фанларни тўлиқ ўзлаштириши, ўқитувчининг таълим стандартлари доирасидаги вазифасини рисоладагидек уддалашида муаммолар туғдирмоқда.
Аввал ушбу вазиятнинг содир бўлиш сабабларига эътибор қаратайлик. Мустақиллик йиллари вилоятимизнинг аксарият қишлоқлари, маҳаллаларида Давлат дастури асосида замонавий таълим муассасалари бунёд этилди. Аммо фуқароларнинг туман ва қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб яшашга, меҳнат қилишга интилиши кучаяётгани айни даврда юқорида таъкидланган етишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Тўғри, қайси бир шаҳар, туман марказидаги таълим даргоҳларида қўшимча бинолар, синфлар барпо этилаётган бўлиши мумкин. Лекин ушбу саъй-ҳаракат ҳам аҳолининг бу талабини тўла қондиролмаяпти.
Яна шуни айтиш лозимки, инсон ҳамиша илм, касб-ҳунар эгаллашга уринади. Фарзандларини ҳам шунга ундайди. Ўғил ёки қизининг яхши бир мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаби, касб-ҳунар таълими даргоҳи ёки олий ўқув юртида ўқишини хоҳлайди. Бугун кўпчилик ота-оналарда ушбу орзу ҳавас устун келиб, болаларини туман ва вилоят марказларидаги таълим муассасаларида ўқитиш истаги ортиб бормоқда. Мисол учун, ҳозирда Самарқанд шаҳридаги аксарият мактабларда ўз ҳудудидаги маҳаллалардан ташқари, яқин туманлардан қатнаб ўқийдиган ўқувчиларни ҳам учратасиз.
- Бир синфда 40 тага яқин, баъзида 50 тагача ўқувчи билан дарс машғулотлари ўтишга мажбур бўляпмиз, - дейди бошланғич синф ўқитувчиларидан бири. – Бу ўринда бир фан бўйича ажратилган дарс соати мобайнида барча ўқувчилар билан индивидуал шуғулланиш имкониятимиз чегараланиб қоляпти. Биринчидан, ҳар битта ўқувчининг дарсга тайёргарлигини текширишга, билимини баҳолашга улгуролмаяпмиз. Унинг устига 30-35 ўринга мўлжалланган синфга ортиқча 10-15 нафар ўқувчини сиғдиришга, бир ўқув партасига учталаб бола ўтқизишга тўғри келмоқда.
- Таълим масканимиз шаҳарнинг олди мактаби, ўқитувчиларимизнинг салоҳияти ҳам мақтовга арзигулик, - дейди мактаб директори. – Шу боис шаҳарда ҳам, туманларда ҳам фарзандини муассасамизда ўқитиш истагида бўлган ота-оналар сони кўп.
Фикримизча, умумтаълим мактабларида, уларда фаолият юритаётган ўқитувчилар орасида рақобатнинг бўлиши яхшидир балки. Лекин бу рақобатнинг ижобий бўлиши - ўқувчиларнинг фан сирларини ҳар томонлама пухта эгаллаши учун зарар етказмаслиги керак. Қолаверса, бир синфда 3-4 соатлаб меъёридан ортиқ бола ўтиришининг санитария-гигиеник ҳамда вақти-вақтида тоза ҳаво билан таъминланиш имконияти бўлмаслиги жиҳатидан ўқувчи соғлигига акс таъсир этиши ҳолатлари ҳам мавжуд.
Ҳар ўқув йили бошланганида ота-оналарнинг ушбу муаммони бартараф этиш, меъёридан ортиқ ўқувчилар учун қўшимча синф ташкил қилиш тўғрисидаги мурожаатларига таълим мутасаддилари синфлар етишмаслиги, қўшимча бино қуриш, янги ўқитувчи тайинлашни молиялаштириш масалаларига олиб бориб тақашади. Молия вазирлиги маблағларини йўналтириш билан боғлиқ айрим муаммоларни рўкач қилишади.
Нима бўлган тақдирда ҳам келажак авлод камолоти, ҳар томонлама ривожланаётган жамиятимизда ёшларимизнинг муносиб таълим-тарбия олишига тўсиқ бўлаётган бу каби камчиликларни бартараф этиш лозим. Халқ таълими ҳамда молия муассасалари мутасаддилари ушбу масалалар ўқув йилининг якуний кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатаётганини, янги ўқув йили режасига мазкур муаммони ечиш чораларини бугундан излаш лозимлигини ўйлаб кўрсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.