Айбсиз япониялик қатл этилишини 48 йил кутиб яшади
Ивао Ҳакамада умрининг 48 йилини қамоқда, ўлимга маҳкум қилинган бир кишилик камерада ўтказди. 2014 йилда ниҳоят у айбсиз деб топилиб, қўйиб юборилди.
Суднинг даҳшатли хатоси бахтсиз япониялик ҳаётининг кўп қисмини панжара остида ўтказишга мажбур қилди. Ҳозир Ивао 81 ёшда, у мутлақо озод, лекин унинг руҳий саломатлиги заифлашган. Ахир 46 йил ташқи дунё билан алоқа қилмасдан, мутлақ изоляцияда, тақдири қандай кечишини билмасдан ва ҳар куни сени қатлга олиб кетишларини кутиб яшаш осон бўлмаса керак.
Бир пайтлар Ивао Ҳакамада бокс ва муайтай бўйича мусобақаларга қатнашган машҳур спортчи эди. Аммо 1966 йилда у ишлаб турган завод раҳбарининг уйида ёнғин содир бўлди. Ёнғин ўчирилганда уйдан уй эгаси, унинг хотини ва икки фарзандининг пичоқ билан ўлдирилган жасади топилган. Август ойида Ҳакамада тўрт кишини ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинади. 1968 йил сентябр ойида Сидзуоке туман суди уни осиб ўлдириш орқали ўлим жазосига ҳукм қилади.
Тергов кўплаб қонунбузарликлар билан ўтди. Сўроқлар қисқа танаффуслар билан 240 соатдан ортиқ давом этарди. Иваони калтаклашарди, уни овқатсиз қолдириб, ҳожатхонага боришга рухсат беришмасди... Охир-оқибат у «синди» ва жиноятни содир этишда “чин кўнгилдан иқрор бўлди”. Суд мажлисида Ҳакамада ўз кўрсатмасидан воз кечди ва фақат полиция босими остида жиноятга иқрор бўлганини айтди. Далиллар йўқлигига қарамай, икки йиллик жараёнлардан сўнг суд Иваони айбдор деб топди ва ўлим жазосига ҳукм қилди.
Ҳакамаданинг адвокатлари уч марта аппеляцияга берган, бироқ расмийлар уларни ҳар гал рад этган. Иваонинг опаси Хидеко укасининг айбсизлигини исботлаш умидини йўқотмади. Айнан у 2012 йилда ДНК тестлари ўтказилишини талаб қилди, шундагина жиноят жойида топилган тахмин қилинган жиноятчининг кийимидаги қони собиқ боксчига тегишли эмаслигини аниқ кўрсатди. Адолат қарор топиши учун деярли яна икки йил кутиш керак бўлди.
Япониянинг йирик компанияларидан бири Ивао ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишга қарор қилди. Дастлаб журналистлар уни ўлимга ҳукм қилган уч судьядан бири Норимити Кумамотодан Ҳакамаданинг оқланиши тўғрисида интервью олганида, аввалига у йиғлаб юборди, сўнг жилмайиб жавоб берди: “Ҳакамадани жараённинг бошида ҳимоя қилишга уриниб кўргандим ва жараённи кечиктиришга ҳаракат қилдим. Лекин биз катта босим остида қолган эдик. Қилган ишим учун мен ҳатто кечиришга сазовор эмасман...”
Албатта, ҳеч ким Иваога ўлим жазога ҳукм қилинганлар камерасида ўтказган йилларини тиклаб бера олмайди. Фақат ушбу даҳшатли адолатсизлик айбдорлари жазоланишига, Ҳакамада оиласи муносиб товон пули олишига, япон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари инсон ҳаётига эътиборлироқ бўлишига умид қилиш мумкин, холос.
Ивао Ҳакамада 2011 йилда “Ўлим жазосини энг узоқ кутган шахс” сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.