“Бағрикенглик ҳафталиги” якунида “Дўстлик боғи” яратилди

Аввал хабар берганимиздек, 16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Самарқандда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.

Хафталик миллий маданий марказлар вакилларининг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳати билан бошланди. Вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган “Китобхонлик бизни бирлаштиради” шиори остидаги кўргазма тадбирнинг моҳиятини янада оширди.

Бугун ҳафталик якунида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйи”да “Дўстлик боғи” яратилди. Турли миллат вакиллари ҳамда диний уламолар жам бўлиб, боғга 20 турдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экишди.

- Бугун вилоятимизда 11 та миллий маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов. - Вилоятимизда 300 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари яшаб келмоқда. Бугун ўтказилган тадбир уларни янада бирлаштиришга хизмат қилди. 

Албатта, Самарқандда "Дўстлик уйи"нинг ташкил этилиши ҳам бошқа миллат вакиллари билан бирдамликнинг намунаси бўлди. Айнан миллий маданий марказлар ва нодавлат ташкилотларининг бир жойда фаолият кўрсатиши улар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш баробарида ҳамкорликда ишлашга ҳам шароит яратиб келмоқда.

Шунингдек, хафталик доирасида вилоят адлия бошқармасида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Олий ўқув юртларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида тадбирлар ташкил этилди. Касб-ҳунар таълими ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида “Бағрикенглик” фестивали ташкил этилиб, “Миллий қўшиқлар ва рақслар” танлови, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусида расмлар, “Бағрикенг диёр” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

 Кимёгарлар шаҳарчасидаги “Нурафшон” санъат саройида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли концерт дастури намойиш этилди. Унда вилоятимизда яшаб келаётган турли миллат вакиллари ўз маданияти, урф-одатини миллий либослари орқали кўрсатишди.

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейига қилинган саёҳат уларда катта таассурот қолдирди. У ерда сақланаётган экспонатлар, тарихий ашёлар, айниқса, диний қўлёзмалар ҳақидаги маълумот кўпчиликни қизиқтирди.   

Ҳусан Элтоев.