Биз кўниккан хато одатлар

Гўдак аввалига сўрғични ҳам олмади, аммо ширин таъмни сезди чоғи, тамшаниб қўйди. Ёш келин сўрғични яна шакарли чойга ботириб берди. Эрталаб бу ҳақда қайнонасига айтганди, у ҳам "Сутингиз кам-да, қизим, айтаман-ку, новвотли чойдан тез-тез ичиб туринг. Бола оч қолиб йиғлаган", деб насиҳат берди. Келинчак шундан сўнг истаса-истамаса, новвотли чойдан тинмай ичадиган бўлди. Орадан бир неча кун ўтиб эса боланинг баданида қизил тошмалар тошди. Кайвонилар бунга ҳам оддийгина изоҳ бериб қўя қолишди: "Ҳа, бу чилланики, иссиқлик бўлиши ҳам мумкин".

Гўдак улғайтирган ёки чақалоқ бор оилаларда учраб турадиган оддий ҳодиса бу. Бунга шунчалик кўникиб кетганмизки, унинг саломатлик учун фойда ё зиёни ҳақида асло ўйлаб кўрмаймиз. Хўш, бу қанчалик тўғри, умуман, гўдак парвариши, эмизикли аёлнинг овқатланишида биз кўникиб қолган, аммо соғлом овқатланиш талабларига мутлақо зид бўлган ҳолатлар нималардан иборат ва тўғри овқатланиш қандай бўлиши керак? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, профессор, республика болалар гастроэнтерологлари ва нутрициологлари жамоа бирлашмаси вилоят бўлими раҳбари Сайдулла РАСУЛОВ билан суҳбатлашдик. 

– Афсуски, жуда кўп ёш оналар шакарли чойга сўрғични ботириб, боласига беради, ўзлари ҳам доимий равишда новвотли чой ичиш лозим, деб ҳисоблайдилар, – дейди С.Расулов. – Бу энг нотўғри тушунча. Бола организми ҳали гўдаклик чоғида, яъни олти ойликкача шакарни ҳазм қила олмайди. Табиийки, ҳазм қилинмаган элемент ичакларда тўпланиб қолиб, функционал бузилишларга олиб келади. Боланинг қорни дамлайди. Қолаверса, шакар болада аллергия чақиради. 
– Бола зарур элементларни она сутидан оларди. Аммо она ширинлик истеъмол қилиш керак-ку. Бу эҳтиёжни қандай қондириши керак?
–  Аёл эмизикли пайтида иложи борича табиий неъматлардан истеъмол қилгани маъқул. Ширинлик ўрнига майиз, шинни истеъмол қилиши мумкин. Ҳам фойдали, ҳам зарарсиз.
– Эмизикли пайти мева истеъмол қилиш боланинг ҳазм органларига зарар, дейишади.

– Бу ҳам "Новвотли чой она сутини кўпайтиради", каби нотўғри қарашлардан бири. Она мева еса, боланинг ичи кетади, дейишади. Ундай эмас, боланинг ичи юмшайди. Тўғри, бу билан эмизикли она истаганича, ҳар қандай мевани истеъмол қилиши мумкин, деб ўйлаш нотўғри. Олма, узум истеъмол қилишнинг эмизикли она учун ҳеч қандай зиёни йўқ. 
– Умуман, бугун оналарнинг овқатланиш борасидаги савияси қай даражада, улар нималарга кўпроқ эътибор қаратиши лозим?
– Яқинда тиббиёт ходимлари томонидан вилоятимизнинг Қўшработ, Жомбой, Ургут, Булунғур, Оқдарё туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи 100 нафар оналар ўртасида соғлом овқатланиш борасида сўров ўтказилди.    

Анкета сўровномалари асосан, оналар ва гўдакларда микронутриентлар етишмовчилигига олиб келувчи сабаблар, уларнинг белгиларини аниқлашга қаратилган.
Текширув натижасида оналарнинг аксарият қисми макро ва микронутриентларнинг асосий табиий манбаи ҳисобланган гўшт (57 фоизи), сут (49 фоизи),  дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган неъматларни ва балиқни (56 фоизи),  кўкатларни (63 фоизи), мева ва мева шарбатларини, қуритилган меваларни (56-66 фоизи) меъёридан анча кам истеъмол қилиши аниқланди. Аксинча, уларнинг 87 фоизи ҳар хил ширинликлар,  алоҳида ҳудудларда эса барча оналар чойни мунтазам истеъмол қилишади.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, болаларни тарбиялайдиган оналарнинг ярмидан кўпчилиги тўғри овқатланиш борасида етарлича билимга эга эмас ва нотўғри овқатланар экан. Соғлом турмуш тарзи норационал овқатланиш, овқатланиш тартибига ва меъёрига амал қилмаслик охир-оқибат оналарда микронутриентлар танқислигига ва турли хил касалликларга олиб келиши мумкин.    

Бунинг исботини қуйидаги далилларда кўриш мумкин: суриштирув натижасида оналарнинг 77-91 фоизи  камқонликка, 25-45 фоизи ҳомила тушиш хавфига, 67-90 фоизи ҳомиладорлик токсикозлари, 33-45 фоизи ҳомиладорлик даврида шамоллаш касалликларига чалинишлари аниқланди. Сурункали касалликларга чалиниш кўрсаткичи ҳам юқори: 19-36 фоизида пиелонефрит, холецистит, гастрит, буқоқ ва бошқа сурункали касалликлар мавжудлиги, 42-50 фоизида  ҳомиладорлик даврида турли дори-дармонларни қабул қилганлик ҳолатлари  қайд қилинди.     

Юқоридаги кўрсаткичлар билан бир қаторда, текширув ўтказилган оналарнинг  62 фоизи, айрим ҳудудларда 90 фоизи бола парвариши бўйича етарли билим ва  тажрибага эга эмас. Айниқса, бизнинг миллий урф-одатларимизга кўра, қишлоқда яшовчи оналарнинг ёши 18-25 ни ташкил қилади, уларнинг кўпчилиги яқинда мактабни ёки коллежни тугатиб, турмуш қурган. Лекин улар бола тарбиясига тайёрми? Болани овқатлантириш қоидаларини биладими? Болани касалликдан асрашда чиниқтириш нима эканлигини тушунадими? Бешикда болани қандай тарбиялаш лозимлиги ҳақида билимга эгами?  Шу каби саволлар ҳозирги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. 
– Хўш, ҳомиладор ва эмизикли оналар нималар истеъмол қилиши керак? Уларнинг овқатланиш тартиби қандай бўлиши зарур?
– Бу саволни аввало, ҳар бир она ўзига бериши лозим. Яъни, у шу саволга жавоб излай бошласа, демак, соғлиғи, фарзандининг соғлом туғилиши учун қайғураётган бўлади. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар бир кунда 500-600 грамм сут ва сут маҳсулотлари, 100 грамм гўшт ва балиқ, 600-700 грамм сабзавот (сабзи, лавлаги, карам, қовоқ, картошка, кўкатлар), 200-300 грамм шарбат, 100 грамм дуккакли ва дон маҳсулотлари (гречка, перловка, ловия ва ҳоказо) истеъмол қилиши керак. 
– Бола парваришида ҳам оналарнинг хатолари кўп, дедингиз.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бола олти ойликкача фақат она сути билан озиқланиши лозим. Олти ойликдан сўнг унга қўшимча озуқалар бериш мумкин. Бу даврда унга сулили, гуручли бўтқа тайёрлаб бериш мумкин. Боланинг соғлом ўсишида уни чиниқтириш ҳам муҳим. Чиниқтиришнинг бешта муҳим қоидаси бор. Сув билан чиниқтиришда болани ҳар куни чўмилтириш керак. Гўдакни кунига камида бир маротаба тоза ҳавога олиб чиқиш лозим. Аксарият оналар, айниқса, қиш ойларида болани умуман ташқарига олиб чиқмайди. Қуёш билан чиниқтиришда болани қуёшли жойда 5-10 дақиқа олиб юриш тавсия этилади. Уқалаш жараёни бешикда ётган болалар учун жуда муҳим. Ва ниҳоят бешинчиси жисмоний ҳаракатлар. Болага шифокор кўрсатмасига кўра, ўз вақтида енгил ҳаракатлар қилдириш лозим. 

Гулруҳ МЎМИНОВА
суҳбатлашди.