Бўлажак шифокорлар ишга қабул қилиш бўйича икки томонлама шартнома имзолади
Самарқанд давлат тиббиёт университетида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда иш берувчи корхона, ташкилотлар, бир қатор ҳудудий марказий касалхона ҳамда хусусий клиникалар бакалавриат ҳамда магистратура босқичи битирувчилари учун ўзларидаги вакант иш ўринлари билан иштирок этди. Шунингдек, меҳнат ярмаркасида Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Жорий ўқув йилида Самарқанд давлат тиббиёт университетини 750 нафар бакалавр, 110 нафар магистр ҳамда 303 нафар клиник ординатура битирувчилари тугатади.
Бўлажак битирувчилар билан мулоқот давомида ҳозирги кунда Жиззахда 151 нафар, Қашқадарёда 169 нафар, Сурхондарёда 177 нафар, Навоийда 147 нафар шифокор кадрларга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилиб, битирувчилар учун жойларда яратиладиган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Меҳнат ярмаркасида Жиззах вилоятига 60 нафар, Қашқадарё вилоятига 85 нафар, Сурхондарё вилоятига 90 нафар ва Навоий вилояти ТТБ билан эса 34 нафар талаба икки томонлама шартнома тузиш бўйича келишувга эришди.
***
12 апрель куни Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети битирувчилари билан Ургут тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари учрашди.
Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов туманда 70 нафар шифокор етишмовчилиги мавжудлиги, жойларда ёш мутахассислар учун яратиладиган шарт-шароитлар ҳақида батафсил тушунтирди.
Самимий мулоқот ва савол-жавоблардан сўнг, битирувчилар ўз соҳалари бўйича тумандаги бўш иш ўринларига таклиф қилинди.
Тадбирда 14 нафар талаба Ургут туман тиббиёт бирлашмаси билан шартнома имзолади.