Болалар вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири ҳисобланади(ми)?

➖ Коронавирус касаллиги болаларда кўпинча клиник симптомсиз ёки енгил кечар экан. Болалар ўзларини яхши ҳис этсалар, демак, улар атрофдагилар учун ҳам хавфсизми?

Бу саволга АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди:

➖ Болаларда коронавирус келтириб чиқарадиган Covid-19 касаллиги кўпчилик ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам, улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари ва улар ўз оилаларидаги катталарга, айниқса, хавф остидаги гуруҳлардаги қариндошларига юқтириши ва аҳоли ўртасида касалликнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.

Олимларнинг изланишлари натижасига кўра, коронавирус симптомлари бор болалар организмларида вирус 20 кун давомида, симптомсиз кечадиган болаларда эса 14 кун давомида ишлаб чиқариб турилган. Демакки, улар шу  кунлар давомида ўзлари билмаган ҳолда атрофдагилар учун хавфли бўлганлар. Ушбу изланишлар натижаларига кўра, Корея давлатида кўпгина ота-оналар ва ўқитувчилар касалликни болаларидан юқтирганликлари аниқланган.

Шу сабабли коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун болалар қатнайдиган ўқув муассасаларида тиббий ҳамда санитар-эпидемиологик назоратни кучайтиришимиз лозим.