Болалигимизда боғчага“бой бува”нинг болалари борарди
Бундан 30 йил аввал қишлоғимизда бир кишидагина “Москвич” автомашинаси бўларди. Биз, болалар уни Навкатнинг энг бой одами дердик.
Машинаси бор амаки қишлоғимизнинг энг оқибатлиси эди. Тўйларда келин-куёвнинг “ЗАГС”и, жаноза бўлса хабарчи вазифасида хизмат қиларди.
Шу “Москвич” қўни-қўшнилар учун “тез ёрдам” машинаси ҳам эди. Эсимизни таниб қишлоқдан туман марказига чиқмагунимизча, эрта тонгда ва кеч пайти бир марта келиб-кетадиган сариқ автобус ва тўй бўлса қудаларни олиб келадиган “бортовой” машинадан бошқа техникани кўрмаганмиз.
Машинаси бор “бой бува” туман марказидаги қайсидир бир нуфузли ташкилотда ишларди. Унинг болаларига маза эди. Сабаби, отасининг машинасида биз учун орзу бўлган боғчага қатнарди. Уларнинг айтишларича, боғча - чиройли гулзорлари, ўйин майдончалари, турли арғимчоқлари, чўмилиш ҳавзаси ва бошқа кўпгина қулайликларга эга дам олиш маскани, “ясли опа”си эса туш пайтида ухлатишини ҳисобга олмаганда жуда меҳрибон, ширинсўз, ақлли, дунёдаги энг билимдон аёл экан. Биз у ерга пиёда бўлса ҳам боришни роса истардик. Аммо уйимиздан 10 километр узоқ масофада жойлашгани учун катталар рухсат беришмасди.
Боғчага бормаган болаларга қўй-қўзилар ичиши учун сув тўлдирилган лаган - чўмилиш ҳавзаси, сигир арқонининг икки учини дарахт шохига боғлаб ясалган қўлбола ҳалинчак энг зўр арғимчоқ ҳисобланарди.
Қишлоқда 2 та мактаб бор эди. Иккаласи ҳам пахсадеворли биноларда фаолият кўрсатарди. Шу мактаблардан бирида бор имкониятлардан фойдаланиб таълим олдик.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, қишлоғимизда ижобий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Мактаблар янгиланди, шароитлар яратилди, асосийси, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланди.
Бугунги кунда қишлоқда ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий бинолар қад кўтарган. Деярли ҳар икки ҳовлида автомобиль. Тўғри, шу пайтгача ҳам қишлоғимизда давлат мактабгача таълим ташкилоти очилмаган, аммо 3 та оилавий боғча фаолият бошлади. Ота-оналар фарзандларини туман марказидаги боғчаларга ҳам беришга имконият етарли. Транспорт масаласида умуман муаммо йўқ. Остона ҳатлаб кўчага чиқсангиз машина тайёр.
Бундай қулайликлардан фойдаланишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Лекин ҳар бир ота-она боласининг боғчада тарбияланишини истайди. Яқинда кўпчиликни қийнаб келаётган ана шу масалага ҳам ечим топилди. Қўшни маҳалладаги замонавий мактабгача таълим ташкилотига “Aqlvoy” номли замонавий автобус берилди. У энди қишлоғимиздаги 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган, боғчага қатнамайдиган болаларни йиғиб, уларга қирлар орасида барпо этилган ўйин майдончаси ёнида мобил боғча хизматини кўрсатади.
Дилноза Ҳасанова,
Қўшработ тумани.