Бош прокуратура 22 йил аввал содир этилган оғир жиноят фош этилгани ҳақида маълумот берди

Бош прокуратура ва ИИВ томонидан узоқ вақт давомида очилмаган жиноятларни фош этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳар бир жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан фуқаро С.П.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилганлиги ва онаси А.П.га нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, 09.02.1997 йилда соат тахминан 17.10 ларда Учтепа (собиқ А.Икромов) тумани, Чилонзор 12-даҳа, 6а-уйда яшовчи 1962 йилда туғилган С.П.нинг жасади қотиллик аломатлари билан ҳамда унинг онаси 1926 йилда туғилган А.П.нинг санчувчи-кесувчи жисм ёрдамида етказилган тан жароҳатлари билан топилган.

Мазкур жиноят иши юзасидан Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида жиноят фош этилди.

Терговда аниқланишича, М.И. ва А.Т.лар ўзаро жиноий тил бириктириб,  ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида С.П. ва А.П.ларга пичоқ билан тан жароҳатлари етказиб, хонадонда мавжуд бўлган қимматбаҳо буюмларни қўлга киритишган.

М.И. ва А.Т.ларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, таниб олиш учун кўрсатиш, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган.

27.05.2019 йилда М.И. ва А.Т.лар Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “и”,“п” бандлари билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, тегишли процессуал тартибда ушланган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.